ҲУШ КЕЛДИНГ МОҲИ РАМАЗОН!

Жонажон диёримизга Рамазон ойи муборак бўлсин! Бу ой – саодат асридан буён мусулмонлар томонидан алоҳида аҳамият билан кутиб олинадиган ойдир. Шундай доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамд ва шукрлар бўлсин!
Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. Зеро “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир…” (Бақара сураси, 185-оят).
Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Агар умматим Рамазон хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди. Албатта бу ойда яхшиликлар жамланади, ибодатлар қабул бўлади, дуолар ижобат бўлади, гуноҳлар кечирилади, жаннат уларга ошиқ бўлади” – деганлар.
Чин дилдан, ихлос билан тутилган рўза боис гуноҳлар авф этилади. Бу борада, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутгувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўза инсоннинг нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ.

 

Мўминжон Усмонов
Гулистон шаҳар “Тавҳид”
 жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *