РАМАЗОН РАҲМАТ ВА БАРАКОТ ОЙИ

Муфассир уламоларимизнинг тафсир китобларида келтирилишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида Жаброил алайҳиссалом орқали Пайғамбаримизга бўлиб-бўлиб етказилган.
Рамазон бу раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туради. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади”(Муслим ривояти). Бошқа ривоятда “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўладиган кунлардир”, дейилган.
Рамазон бу мағфират ойи. Бу ойнинг ўртаси, яъни иккинчи ўн кунлиги мағфират кунларидир. Бу кунлар Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини кечирадиган даҳа хисобланади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Рамазоннинг охириги даҳаси дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир. Бу кунларда Аллоҳ таоло ўзининг марҳамати билан рамазоннинг ҳурматидан инсонларни дўзаҳдан озод қилар экан.
Бу ой Қуръон тиловат қиладиган, кечаларни қоим қилиб ибодат билан ўтказадиган, зикр, тасбеҳ ва истиғфор айтадиган ва албатта кўп дуо қилинадиган ойдир. Бу ойда қилинган дуолар албатта ижобат бўлади, зеро, Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ой хайр-саховат, эҳсон, яхшилик ойидир. Бу ойда Пайғамбар алайҳиссалом жуда ҳам сахий бўлиб кетар эканлар. Ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча У зотнинг хузурига келар эди. Пағамбар алайҳиссалом унга Қуръонни ўқиб берар эдилар”. Бошқа ривоятда эса: “Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Шунда қачон У зотга Жаброил алайҳиссалом мулоқот қилса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар” дейилган.
Ана шундай баракотли ва фазилатли ойда ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, савобли ишларга қўл уриб, гуноҳларга истиғфор айтиб, бу муборак ойни чиройли суратда ўтказишимизни Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб айласин.

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё тумани “Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *