Исломда Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртини эъзозлаш, унинг равнақи учун бор имкониятини сарф қилиш дир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради.
Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанлари Маккаи мукаррамани яхши кўрар эдилар. У Зот ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қила бошлаганларидан сўнг Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан сўнгина Аллоҳнинг буйруғига биноан, Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Чиқиш вақти келганида, кўзларига ѐш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ!Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривоятлари).
Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:
1. Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари
ҳаққига дуо қилганлар. Масалан, “Пайғамбарларнинг отаси” Иброҳим халилуллоҳ ўз ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррамa ҳақига Қуръони каримда дуо қилганлари баён қилинган: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, – деди” (Бақара сураси 126-оят).
2. Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.
3. Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят). Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, инсон ўзи туғилиб ўсган ватанини қадрига етиши, ҳаққига дуо қилиши ва ободлигига ҳисса қўшиши билан бирга биринчи ватани бўлмиш – жаннатга бориш сабаб ва омилларини бажариб, уларни унутмаслиги зарур. Чунки Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мирқотул мафотиҳ” китобларида: “Инсоннинг биринчи ватани – жаннат” деганлар. Зеро, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз биринчи жаннатда яшаганлар ва ундан маълум сабабларга кўра тушурилганлар.
Демак, биз ҳаётимиз давомида дунёдаги Ватанимизни обод қилиш билан
бирга, охиратдаги ватанимизга ҳам захира қилиб боришимиз даркор.
БОТИР домла НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме
масжиди имом-хатиби