Муаллим ва олим фазилати

Аллоҳ таоло иймонли ва илмли кишиларни Ўзининг китобида мақтаб дейди: “Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради”. (Мужодала сураси 11-оят).
Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам иймонли илмли зотларнинг мартабаси улуғ бўлади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга 7 яхшилик бор:

  1. Таълим олувчиларнинг фазилатига эришади.
  2. Олим билан бирга ўтиришда давом этса, гуноҳ ва хатолардан холи бўлади.
  3. Уйидан чиқса, унга Аллоҳнинг раҳмати тушади.
  4. Олимнинг олдида ўтирганларга Аллоҳнинг раҳмати тушади, демак, унга ҳам шу раҳматдан насиба етади.
  5. Модомики, эшитиб турар экан, унга ҳам яхшилик ёзилади.
  6. Малоикалар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб турадилар. Табиий, ушбу мажлисда ўтирган илмсиз киши ҳам бундан насиба олади.
  7. Ҳар бир қўйган ва кўтарган қадами гуноҳлари учун каффорат бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларини зиёда этади. Сўнгра уни Аллоҳ таоло бошқа 6 фойдага муяссар қилади:

Фатҳ Мусалий айтади: «Касалга обу таом берилмаса, ўлгани каби қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади». Яна бир шайх Абу Муҳаммад Фазлнинг мана бу гапларига эътибор беринг: «Киши тўрт иш билан Иймони заифлашади: бири — билганига амал қилмаса, иккинчиси — билмаганига амал қилса, учинчиси — билмаганини изламаса, тўртинчиси — билиш ва ўрганишга интилган одамларга халақит берса».
Ҳасан розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Илм икки хил бўлади. (Биринчиси) қалбдаги илм, мана шу манфаатли илмдир. (Иккинчиси) тилдаги илм, буниси эса Аллоҳнинг махлуқотларига (яъни, бандаларига) хужжатидир.”
Қалб илми бу илми шариат, охират илми, қиёматда бизга фойда берадиган. Бизнинг ҳаётимиз осон кечишига ёрдам берадиган илмлар. Тижорат илми, тиббиёт илми, деҳқончилик илми, фалакиёт ва муҳандислик илми ва ҳоказо… бу илмларсиз ҳам бу дунёда хотиржам бўлолмаймиз. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз с.а.в. деганлар:
“Илмни Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар, чунки илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир”.
Аммо айримларимизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтириш-мажлисларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юбормоқдамиз.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в) “Олим бўл ёки ўрганувчи бўл ёки эшитувчи бўл ёки илм аҳлининг мухлиси бўл, аммо бешинчиси бўлма ҳалок бўласан”, деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган устоз ва мураббийларимизни эзгу мақсадларига муваффақ қилсин!

 

Ҳалилулло РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани Хизиробод
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *