Умра фазилати

Умранинг фазилати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Бир марта қилинган умра кейинги умрагача оралиқдаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир. (Бухорий ривояти).
Умра қачон қилинади?
Умрани йилнинг ҳар ойида амалга ошириш мумкин. Ҳаждан олдин ҳам кейин ҳам. Ҳаж ойларида ҳам. Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳоларига кўра, арафа ва ташриқ кунлари умра қилиш макруҳ бўлади. Бу масалада имом Шофеъий ҳам ҳанафийларга мувофиқ бўлган.
Икрима ибн Холид розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан умрани ҳаждан олдин қилиниши ҳақида сўради. Ул зот: “зарари йўқ” деб жавоб берган ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаждан олдин умра қилганлар” — деб айтган.
Умра қандай қилинади?
Умра ният қилиб эҳром қилиш, байтуллоҳни тавоф қилиш, Мақоми Иброҳимда намоз ўқиш, Сафо Марва орасида саъй қилиш ва сочни олдириш ё қисқартиш билан тамомига етади.
Умра эҳром, фарзлар, вожиблар, суннатлар, ҳаромлар, макруҳлар, муфсидлар, иҳсор ва бошқа масалаларда худди ҳаж каби бир хилдир.Умрада ҳажга нима вожиб бўлса ўшалар вожиб, нима суннат бўлса ўшалар суннатдир.
Қуйидаги ишларда эса ҳаждан фарқланади:

  • Умранинг муайян вақти йўқ. Йилнинг хоҳлаган вақтида қилиш мумкин. Аммо арафа куни, қурбон ҳайит куни ва ташриқ кунлари умра қилиш макруҳ бўлади.
  • Умрачилар арафот тоғида туришмайди.
  • Муздалифага тушишмайди.
  • Шайтонга тош отишмайди.
  • Ҳаждаги каби икки намоз орасини жамлаб ўқишмайди.
  • Умрачиларга хутба ўқилмайди.
  • Тавофи қудум қилишмайди.
  • Умранинг мийқоти ҳам ҳамма учун битта ал-Ҳиллдир.

Умранинг ҳукми
Умра суннатдир. Вожиб эмас. Бунинг далили: Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилган ушбу ривоятдир: Ақраъ ибн Ҳобис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: Ҳаж ҳар йили қилинадиими? Ул зот айтдилар “Йўқ! Балки битта ҳаж қилинади. Ким биттадан кейин ҳаж қилса, бас у нафлдир. Агар “ҳа” десам вожиб бўлади. Агар вожиб бўлса сизлар қулоқ солмайсизлар ва итоат қилмайсизлар” (Муснади Имом Аҳмад).

Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ
Сардоба тумани «Янги қишлоқ»
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *