Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.
Ватан бу энг аввало ота-боболарининг покиза хоклари ила шарафланган юртдир. Бўлмаса, хорижда туғилган ўзбеклар “Ватан!” дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Ота-онага, ватанга бўлган муҳаббат фазилати фақатгина Одам болаларига берилган. Шундай экан, Ватан қадрига етмаслик, уни ардоқламаслик, энг аввало Аллоҳ таоло берган неъматларига ношукрлик, беписандлик ва одамий фазилатларидан чиқишликдир.
Ҳар бир ватандошнинг энг асосли, энг муқаддас вазифаси Ватанни севиш ва унга ҳаётининг сўнги дақиқаларигача хизмат қилишдир. Ватанимизга бўлган муҳаббат ва ҳурматимиз ҳеч бир нарса билан ўлчанмайди. Ватанга муҳаббат тарбиясини оила қучоғидан бошлаш лозимдир. Чунки оила муҳити ватан муҳитининг асосини ташкил этади. Ватан бўлган муҳаббат озиғи, қуввати оила қучоғида олинади. Силаи рахм фазилати камол топган оилада Ватанга хиёнат қилувчи чиқмайди. Оила аъзолари орасида нақадар қувватли боғланиш ва муҳаббат бўлса, Ватан мухаббати ҳам шунчалар қувватли ва мустаҳкам бўлади. Ўз оила аъзоларига нисбатан хайрли туйғуга эга бўлмаган уларга фидокорлик қилишни билмаган киши ватанга ҳам фидокорлик қилолмайди. Нафс ғолиб юракда Ватан туйғуси бўлмайди. Шоир айтганидек “Кимда ўз юртига бўлмаса меҳр, у қалбан шикаста, у қалбан мажруҳ”. Ватанини ҳимоя қилиш ҳам муқаддас бурчлардандир.
Пайғамбаримиз с.а.в марҳамат қилиб айтадилар: “Лайлатул Қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабарини берайми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқчининг кечаси”.
Бошқа ҳадисларида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Кимики бир кеча-кундуз Аллоҳ йўлида ватанини қўриқласа, худди бир ой кундузи рўза ва кечаси ибодат билан ўтказгандай ажрга эга бўлади. Энди ватанини ҳимоя қилиб қўриқлаётган ҳолида вафот этса, қиёматга қадар унга савоб ёзилиб туради ва қабрдаги азобдан қутилиб, жаннатдаги ризқдан ризқланиб туради”. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир ўлган кишининг амал дафтари ёпилади магарам Аллоҳ йўлида ватанини душманлардан ҳимоя қилиб шаҳид бўлганнинг савоби қиёматга қадар ёзилиб борилаверади ва қабр азобидан омонда бўлади” деб марҳамат қилганлар.
Ботир Носиров
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом хатиби