Бинони меъморсиз, ишни бажарувчисиз, санъатни санъаткорсиз, маҳкамани ҳокимсиз тасаввур қилиш мумкин бўлмагани каби, ақлларни ҳайратга солувчи бу коинотни ҳам ўз Яратувчисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир катта сайёрадан заррагача, осмондан ҳужайрагача, уммондан томчигача ва бутун коинотда нимаики бўлса ҳамма-ҳаммаси Яратувчимиз Аллоҳ таолонинг асаридир. Айтингчи, қайси рассом сувга расм чиза олади. Деворга, қоғозга расм чизади, энг зўри бўлса, тошни ўйиб, тошга расм чизиши мумкин. Аммо Аллоҳ таоло сувга бандасининг суратини чизиб, онасининг қорнидан чиқаради. Нақадар қудратнинг буюклиги!
“Агар Аллоҳ таолонинг неъматларини санайман десангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Наҳл 18)
Парвардигори оламнинг бизларга қилган марҳамати ила қанча-қанча неъматларини устимизга сочиб юборган. Дарҳақиқат, у неъматлар шунчалик даражада кўпки, уни санаб адоғига етолмаймиз, ҳатто айримларини неъмат эканлигини тушуниб етмаганмиз.
“У, осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги ғўрасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят – белгилар бордир” (Анъом 99).
Мана шу сувлар ёмғирлар бизларнинг деҳқончилигимизга, чорвачилигимизга нақадар зарур. Аллоҳ таоло деҳқону чорвачиликда хизмат қиладиган халқига мурожаат қилиб дейдики: “Агарда қишлоқ аҳолиси иймон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф 96).
Демак, ҳар бир деҳқон қилаётган ишини иймон тарозисига ўлчаб, Аллоҳ таолога тақво қилган ҳолда, яъни ишонч билан ишини адо этса, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда бермоқдаки барака эшикларини ҳам осмондан, ҳам ердан очиб қўяман деб.
Дарҳақиқат, ҳар бир деҳқон, ердан ҳосил олувчилар, чорвадорлар ўзларининг жуда катта масъулиятларини ҳис қилган ҳолда, юқорида зикр қилинган оятга мувофиқ амал қилиб, ерни рисоласидек ишлов бериб амал қилсалар. Албатта, юртимиз тинчилигига ҳамоҳанг ҳолда ҳосилларига ҳам барака олиб келадилар. Албатта, юртнинг тинчлиги билан фаровонлиги халқининг бойлигида ва тўқлигидадир. Бугунги кунда юртимизда бобо дехқонларимизни хирмонини кўтараётган бир пайтда уларга Яратгандан баракали хирмон кўтаришларини сўраймиз.
Ҳалилулло РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизиробод”
жоме масжиди имом-хатиби