Улуғ неъмат

Аллоҳнинг биз бандаларига ато этган неъмату имкониятларининг саноғи беҳисоб. Улардан баҳраманд бўлиб яшаш эса катта бахт ва улуғ саодатдир. Шу боисдан бугунги доруломон кунларимизнинг ҳар бир дақиқасига қанча Аллоҳга шукроналар ҳамду-санолар айтсак шунча кам. Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъматлар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги ҳақида Қуръони каримда шундай баён қилган:
“Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасаларингиз, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир” (Иброҳим сураси 34-оят)
Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Бирор орзу умиди амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу-ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби инсон ҳаётининг асоси бўлган нарсаларга бепарво буладилар. Пайғамбаримиз Мухаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак хадисларида:
“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ, уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”,— деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора қилганлар.
Баъзида дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, уруш-жанжаллар, табиий офатлар ҳақида эшитамиз, кўрамиз. Шунда Ўзбекистондек жаннатмоманд юрт ҳеч қаерда бўлмаса керак, деган ўй ҳаёлимиздан кечади. Чунки ҳар қарич еримиз зар, ҳар қарич тупроғимиз олтин энг муҳими тинч ва осуда тўкин-сочин ҳаёт кечирмоқдамиз.
Айрим давлатлардаги беқарорлик қуролли тўқнашувлар оқибатида минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг, ёш-гўдакларнинг қони тўкилаётгани, ёстиғи қуриётганидан хабардормиз. Нотинчлик ҳукм сураётган мамлакатларда юрт келажаги эллик йил балки ундан ҳам кўпроқ орқага сурилаётгани ўша мамлакатлар учун катта йўқотишдир. Албатта, бундай ходисалардан барчамиз хулоса чиқариб юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамлик улуғ неъмат эканини юракдан ҳис қилиб, Яратганга сон-саноқсиз шукроналар қилмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қурони каримнинг “Иброҳим” сураси 7-оятида шундай марҳамат қилади:
«Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир».
Эътибор қилиб қарайдиган бўлсак юртимиз ҳар жиҳатдан ҳар соҳада ўсиб ривожланиб бораётганини кўрамиз. Шахар қишлоқларимиз кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Бунёдкор халқимиз томонидан қурилаётган осмонўпар бинолар, хиёбонлардаги сержило фавворалар, эртамиз эгалари бўлмиш болажонларнинг самимий ва шодон кулгуси – буларнинг бари бизга ушбу кунлар ўз-ўзидан берилмаганлигини англатади. Келажак ворислари – баркамол ва соғлом авлоднинг тиниқ фикри-ю теран мушоҳадаларидан кўнгил тоғдек юксалади. Ўзбек халқи довруғини дунёга таратишда – хоҳ спорт, хоҳ мусиқа, таълим ёхуд маданият, илм-фан соҳаларида бўлсин — ёшлар маррани баланд олаётганлигидан юракларимиз ифтихорга, фахрга тўлади. Буларнинг барчасини замирида эса инсон учун энг юксак неъмат – тинчлик турганини, эрталаб кўзларимиз мунаввар тонгни қарши олаётгани, кун давомида эса яхшиликка йўғрилган амаллар сари отланишимиз айни шу неъмат орқали эканлигини ҳар биримиз чуқур англамоғимиз шарт! Сабаби, ушбу осуда кунларга етиб келгунча минглаб ота-боболаримиз уруш ўчоқларида, ўқ ёмғирлари остида жон олиб, жон беришган. Бу ҳақиқатни ҳар дақиқа ёдда тутишимиз, уларнинг ўлмас жасоратини, сўнмас матонатини қалбдан ҳис этишимиз ва албатта, келажак авлодга уқтириб боришимиз даркор. Меҳнатда бўладими ёки ўқишдами, ҳар биримиз ўзимизнинг қобилиятимиз, салоҳиятимиздан келиб чиқиб, юртимизни янада обод, фаровон этишга муносиб ҳиссамизни қўшишимиз инсоний бурчимиздир.

           Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
 Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *