Умр ғанимат

Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичиши уни нақадар қадри баланд, унинг аҳамиятли эканлигини англатади. Вақт Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматлардан биридир. Ундан самарали фойдаланиб, ҳар бир онларини мазмунга тўлдириб борсак ҳаётимиз қадри ортади. Беҳуда сарфланган вақтимиз бизга фақат афсус-надомат олиб келади.
Инсон азиз умрини ва олтиндан ҳам қимматли бебаҳо вақтини ғанимат билиши лозимлигини Қуръони карим оятлари шундай талқин қилади: Аллоҳ таоло: «Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!» (Фотир сураси, 37-оят).
Муоз Ибн Жабал (р.а)дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни банда қайта тирилиб қадами ердан кўтарилмасдан туриб ундан 4 нарса: Умрини қандай кечиргани, ёшлигини нималар билан ўтказгани, мол-мулкини қаердан олиб қаерга сарфлагани, илмга қандай амал қилгани ҳақида сўрайди».
Бундан кўриниб турибдики, инсон вақтини сарфлашда Аллоҳ таоло олдида масъулиятни ҳис қилмоғи керак. Ҳар бир мусулмон вақт қиймати унинг ҳар бир қисм ва ҳар бир масаласига эътибор бериб, ундан унумли фойдаланиб эзгу амал, илм олишга сарфламоғи лозим. Вақтни барча имкониятларидан фойдаланиб қолиш, дин ва дунёсида фойда берадиган, Ватан равнақи, эл-юрт тинчлиги, миллатни яхшилик ва фаравонликка, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган ишлар билан машғул қилиш лозим. Мўъминлар амири Умар Ибн Хаттоб (р.а.) «Сизни ҳисоб-китоб қилинмасдан аввал ўзларингизни сарҳисоб қилингиз ва қилган амалларингиз ўлчанмасдан аввал сизлар ўз амалларингизни тортиб кўринг» дердилар.

Ҳар биримиз ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олмоғимиз лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклайди. Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди” Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир. Кунлар, вақтлар тинмай ўтса-ю, қайтиб келмас дақиқаларимизга бепарво бўлсак, бундан панду-насиҳат олмасак, икки дунё саодатига асло мушарраф бўла олмаймиз. Албатта, оқилу донишманд инсон атрофга ибрат назари билан боқади, дунёда кечаётган ҳодиса ва ўзгаришларга, олтиндан қимматли вақтни қадрлаш зарурлигини қалбида тасдиқлайди ва шунга мувофиқ иш тутади.

Улуғбек ҚОБИЛОВ
Сирдарё тумани Аҳмад ибн Малик
 жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *