Чиройли исм – фарзандга зийнат

Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларидан ҳисобланади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун фарзандларга чиройли исм қўйиш керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз Абдуллоҳ, Абдураҳмондир”. Мусулмончилик анъаналарига кўра Аллоҳ таолога бандалик маъносини ифодаловчи исмларни, пайғамбарлар, саҳобалар, алломалар, солиҳ кишиларнинг исмларни қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Ўғил болаларга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад», «Маҳмуд», «Ҳомид» кабиларни қўйиш фазилатлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг “Ҳарб” (уруш), “Мурра” (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.
Фарзандга яхши исм қўйгандан кейин уни тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсуски, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, “Абдуллоҳ”ни (Аллоҳнинг бандаси) “Абди”, “Абдул” дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир.
Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмаслиги керак. Балки исми унга зийнат бўлиб туриши лозим. Инсон бир умр ўз исмини шарафга буркаш учун интилади, шу исм билан яшайди, қиёматда ҳам шу ном билан чақирилади.

Саидаҳмад ВАЛИЕВ
Боёвут тумани “Усмон Зуннурайн”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.