Чарчоғи йўқ ибодат

Исломнинг гўзал ахлоқларидан бири бу беҳуда-бекорчи сўзлардан тилни тийишдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Фойдасиз нарсаларни тарк этмоқлик киши исломининг гўзаллигидандир” (Термизий ривоят қилган).
Яъни, беҳуда нарсаларни, у хоҳ сўз бўлсин, хоҳ у амал бўлсин мусулмон киши ўша нарсани қилмаслиги бу ахлоқининг гўзаллигидан далолат қилади. Ислом динини ҳақиқатини англаган бўлади.
Азиз донишмандлардан бирлари дедилар: «Жим туришда 7 минг та яхшилик бор. Уларнинг ҳаммаси 7 калимада жам бўлди:

  1. Жим туриш — чарчоғи йўқ ибодат;
  2. Жим туриш — безаксиз зийнат;
  3. Жим туриш — давлатсиз ҳайбат;
  4. Жим туриш — деворсиз қўрғон;
  5. Жим туриш — бировларга узр айтишдан беҳожатлик;
  6. Жим туриш — яхши ва ёмон амал ва сўзларни ёзиб борувчи фаришталарга роҳат;
  7. Жим туриш — айбларни беркитувчи ва олим учун зийнат, жоҳилдан пардадир;.

Мусулмон киши оғзидан ортиқча бекорчи сўз чиқармаслиги, фойдали гапларнигина гапириши, бирон фикр айтишдан аввал унинг оқибатини ўйлаши, фойда-зарарини мулоҳаза қилиши лозим.
Буюк алломаларнинг беҳуда сўзлардан ўзини тийиш борасидаги панду-насиҳатларидан: Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғизу иккита қулоқ берилган».
Мухаллад ибн Ҳусайн: “50 йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим”.
Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: «Сизни бунчалик ҳикматга нима етказди?», «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан.
Авзоъий дейдилар:  «Мўмин гапини камайтириб,  амалини кўпайтиради. Мунофиқ гапини кўпайтириб, амалини камайтиради».
Дарҳақиқат, инсон фойдасиз нарсалар билан вақт ўтказмаса, балки бор вақти, кучи, ғайрати, эътиборини дунёси ва охирати учун манфаатли ишлар, савобли амаллар учун сарф этса, ушбу инсон комил иймон соҳибидир. Дунёю охиратда унинг юзи ёруғдир.

Хуршид АСЛАНБОЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
 жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *