Камтарлик — улуғ фазилат

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида тавозе сўзига камтарлик, ўзини бировдан юқори тутмаслик, дея таъриф берилади. Дарҳақиқат, инсон камтарлиги, ўзини бошқалардан юқори тутмаслиги фазилати билан ҳаётда ҳурмат-эътибор топади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти).
Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида балки, Аллоҳнинг даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир каторда, ўзгаларнинг қадру қийматларини ҳам ўз ўрнига қўядилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Ким Аллоҳ учун камтарлик килса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди», — деганлар (Имом Муслим ривояти).
Камтарликнинг акси манманлик бўлиб, унга ёмон иллат сифатида қаралади. Ислом динида инсоннинг кибру ҳавога берилиши таъқиқланган. Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб: Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмайсан! — деган (Исро сураси, 37-оят). Демак, банда ўз ўрни ва ҳаддини билмоғи лозим. Акс ҳолда у ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келишига сабабчи бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кибриё ридоимдир. Азимлик изоримдир. Ким уларнинг иккисидан бирида Мен ила низо қилса, уни дўзахга ташлайман, деган», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.
Кибру ҳаво ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруги оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди». Манманлик килиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўкотиши аниқ.
Аллоҳ таоло барчаларимизни кибру ҳаводан йироқ қилиб, камтарлик фазилати билан зийнатланган бандалари қаторида бўлишимизни насиб этсин.

 

Абдуғаффор МУҲАММАДИЕВ
Ховос тумани “Ховос” жоме
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *