Мардлар қўриқлайди Ватанни

Бугунги кунда мустақил Она Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга ҳарбий малака, тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади.
Мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланади. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган ҳамюртларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди. Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз? деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб): “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман” дедилар”. (Имом Табароний) .
Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демак, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарур бурчдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани улуғ масъулият эканини ҳис қилмоғи лозим.
Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш билан ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!
Аллоҳ таоло бандаларига бебаҳо ва бемисл неъматлар ато этган. Тоза ҳаводан нафас олишимиз, зилол сувлардан баҳраманд бўлишимиз, кўзларимиздаги нур, ҳур ва озод Ватанда кўзимизни қувонтирувчи фарзанду аржумандларимизнинг камол топаётгани айни саодат, таъбир жоиз бўлса ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмас туганмас хазинадир. Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини ва осмонимиз мусаффолигини сергаклик билан қўриқлаб, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбий хизматчиларни, оталаримиз, опа-сингилларимиз, фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз, тинчлиги ва мустақиллигимизни бардавом қилсин.

Халилулло РАИМҚУЛОВ
Ховос туманиХизробод
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *