Исроф баракани кеткизади

Ўринсиз ва фойдасиз ишларга пул ва мол, вақт сарфлаш исрофдир. Буларни керакли жойларга сарф эта билиш оқил одамнинг ишидир. Шуҳрат қозонмоқ, ўзини кўрсатмоқ учун тантанали тўй ва зиёфатлар қилиб пул сарфлаш нодонликдир. Исроф натижасида йўқчилик, кейин ҳар кимнинг мол давлатига таъма ва ҳасад қилиш келиб чиқади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди», дейилган.
Тинч, обод юртимизда фаровон ҳаёт кечираяпмиз. Аллоҳ берган ноз-неъматлар бисёр. Аммо баъзида ортиқча ва беҳуда сарфланаётган неъматларни кўриб ранжийсан, киши. Исрофгарчилик жамиятимизда энг кўп тарқалган иллатга айланган. Тўй-ҳашамлар, ортиқча дабдабабозликлар, ҳатто маъракаларда тўйдагидан қолишмайдиган даражадаги тўкиб сочишларни кўриб имом Ғаззолийнинг иффат билан хулқланмаган инсонларга қарата айтган: “Исрофгарчилик ва хасислик, риёкорлик ва шармсизлик, ҳасад, ичқоралик, бойларга ялтоқланиб, камбағалларни камситиш каби иллатлар юзага чиқади” деган ўгитлари ёдимизга тушади. Бойлигини кўз-кўз қилиш, ёки “сендан мен камми” қабилида иш тутиб қарз эвазига бўлса ҳам дабдабали тўйлар қилиб, сўнг йиллар давомида рўзғорида рўшнолик бўлмай оилалар пароканда бўлаётгани ҳам бор гап эмасми? Миллатимизга ҳам, одатимизга ҳам тўғри келмайдиган турли “янгилик”лар катта маблағлар эвазига никоҳ олдидан йигит-қизнинг видеофильмлар олдириши, тўйдан олдин ва тўйдан кейин давом этадиган “чаллар”, “ота кўрди”, фарзанд дунёга келганида уни туғруқхонадан олиб чиқишдаги карнай-сурнай, чет эл эртак қаҳрамонлари, турли ҳайвонлар ҳолатидаги “қўғирчоқбоз”ларнинг иштирокидаги дабдабалар ортиқча исрофгарчилик, ўзини кўрсатиш эмасми?
Аллоҳ таоло бизларни барча ишларда, шу жумладан, исрофгарчиликдан қайтишда ҳам тўғри йўлга бошласин! Ортиқча дабдабалардан, тўқликка шўхлик қилиш оқибатида ўйлаб топилган маросимлардан тийилайлик, исрофгарчиликка йўл қўйиб, гуноҳга ботманг, азизлар.

Карим БЎРИБОЕВ
Мирзаобод тумани “Ҳазрати Усмон”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *