Ёш авлод, хусусан, фарзандларимизнинг қизиқишлари, ақлу-заковатлари, иқтидорларига мувофиқ илм, касб ва ҳунар танлашларида имкон борича ёрдам беришимиз зарур. Ёшларимиз олтиндан ҳам қиммат вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ёшлигингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” (Термизий ривояти), деб ёшликнинг қадрига етишни таъкидлаганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият бериш лозимдир. Ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, шу паллада уларни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Шунинг учун ҳам жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб марҳамат қилганлар.
Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган Ислом мана ўн беш асрдирки, инсонни тарбиялашни, айниқса, болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмоқда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсаг-у, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.
Шу боис ёшлар тарбиясига масъул ота-она, маҳалла аҳли, имом-хатиблар, педагог мураббийлар уларни жиноятдан асраши ҳам фарз, ҳам қарздир. Бунинг учун тарбияга масъулият билан ёндашмоқ, ҳаёт қонуниятларига, аждодлар ўгитига амал қилмоқ даркор. Бинобарин, аждодлардан қолган маънавий меросга назар ташласак, ёшларни меҳнаткаш ва илмли қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратганига гувоҳ бўламиз. Ота-боболарнинг эзгу-амаллари, доно ўгитлари доимо бизга дастур бўлиши лозим. Бу эса ўз навбатида ёшлар тарбиясида маёқ вазифасини ўтайди.
Ота-оналар мураббийлар ва кенг жамоатчилик ёшларнинг бўш вақтларини унумли, самарали, фойдали ишларга йўналтира билишлари талаб этилади. Бу айнан ислом динимиз ва жамиятимизнинг истак ва орзу-умидлари билан ҳамоҳангдир.
Охунжон ВАСИЕВ
Сайхунобод тумани
бош имом-хатиби