Дин ниқобидаги мафкуравий хуружларга қарши курашда диний соҳа вакилларининг тутган ўрни

Жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мақсад – аниқ: халқни рози қилиш, келажак авлодларга тинч, озод ва обод ватан қолдириш. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилади.
Нақадар эзгу мақсад! Аммо бундай олийжаноб мақсадларга ҳамма ҳам хайрихоҳ бўлавермаслиги тарихдан маълум. Четдан туриб, ўзларининг геосиёсий мақсад-манфаатлари йўлида халқимизни чалғитиш учун турли фитна-ўйинларни қилувчи кучлар ҳам йўқ эмас.
Ана шундай таҳдидлардан бири бугунги глобаллашув даврида дин ниқобидаги мафкуравий хуружларнинг кучаётганидир. Дин, иймон-эътиқод ҳар бир киши учун қадрли ва бебаҳо неъматдир. Афсуски, бу нозик туйғу орқали халқимизга, айниқса ёшларимизга таъсир ўтказиб, уларга муқаддас динимиз таълимотларини бузиб талқин қилиш, уларни ўз халқи, ватанига қарши қилиш, ўзларининг манфур ўйинларида қўғирчоқ сифатида фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.
Муқаддас ислом дини фақат эзгуликка, инсонпарварликка, нурли ҳаётга чорлайди, инсонни икки дунё саодатига бошлайди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам бунга алоҳида урғу берганлар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.
Афсуски, ахборот коммуникация тармоқларининг кундан кунга ривожланиши, интернет тармоқларида ахборот олиш ва тарқатишни тўлиқ назорат қилишнинг имконияти мавжуд эмаслиги муқаддас ислом дини ниқобидаги сохта қарашлар ва нотўғри талқинлар ёхуд ўз динидан айиришга қаратилган миссионерлик ғояларининг аҳоли ўртасида тарқалиши хатарини кучайтирмоқда. Мазкур таҳдидлардан халқни, айниқса ёшларни ҳимоя қилиш, уларни фитналар домига тушиб қолмаслиги, дўст билан душман, оқ билан қора, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти билан сохталаштирилган диний қарашларнинг фарқини англатиш бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бунда диний соҳа вакилларининг тутган ўрни беқиёс, албатта. Шу билан бирга, уларнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳамдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Ҳар бирингиз жавобгарсиз ва қўл остидагиларга масъулдирсиз. Имом жавобгардир ва қўл остидагиларга масъулдир”, деганлар. Юртнинг бир фарзанди адашса, бунда унинг атрофидаги унинг тарбиясига масъул бўлганлар ҳам ўз масъулиятларини тўлиқ бажармаганлигини кўрсатади.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди? Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади. Юртимизда яшаётган, оиласини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак”.
Масала – жиддий, масъулият – оғир, мақсад – олий. Бунинг учун…
Аввало, диний соҳадаги жамоат ва давлат ташкилотларининг вакиллари бу йўлда ниятни тўғри олиши, Яратган ҳузурида жавобгарлиги ва юрт олдида масъулиятини ёдда тутиши лозим. Зеро ҳадиси шарифда: “Амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”, дейилган.
Иккинчидан, диний ва замонавий билим ҳамда кўникмаларини ошириб бориши, ўз устида доимо ишлаши, соф ислом динининг таълимотларини чуқур англаб етиши, турли адашган оқим ва қарашларнинг сохталигини исботлаб, уларга илмий раддиялар бера олиши керак.
Қуръони каримнинг Исро сураси, 36-оятида шундай дейилган: “Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма, чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида масъул бўлур (яъни, ҳар бир инсон қиёмат куни жавоб беради)». “Ё илм билан гапир! Ёки омонда қолиш учун жим тур!”, дейди донолар.
Учинчидан, ўзининг илми, ахлоқи, ҳаёт тарзи, муомала ва мулоқот маданияти, самимийлиги билан халқнинг ишончи ва меҳрини қозониб, уларга динимиз моҳияти ва унинг инсонпарвар таълимотларини таъсирчан тушунтириш зарур. Жаҳолатни маърифат енгади. Табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаерда бўшлиқ пайдо бўлдими, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади. Одамларнинг қизиқиши ва эҳтиёжларини инобатга олиб, замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва интернет тармоқларидан унумли фойдаланиб, оммавий ахборот воситаларида сон ва сифат жиҳатидан фаолликни ошириш жуда муҳим.
Ана шундагина Яратганнинг ёрдами билан ҳар бир диний соҳа вакили ўз вазифасини юқори савияда бажаришига ва олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги кучайишига эришилиб, ижобий натижа ва ютуқлар қўлга киритилади.

 

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Гулистон тумани бош имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.