Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. ибодат қилиб турган вақтларида саҳобаи киромлар суҳбат қилиб туришганди. Ибодатни адо этиб бўлгач, у зот: “Нима ҳақида гаплашаяпсизлар?” деб сўрадилар. Улар: “Ризқ ҳақида”, деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга Жаброил айтиб берган бир ҳадисни гапириб бераман. Биродарим Сулаймон алайҳиссалом денгиз қирғоғида намоз ўқиётиб чумолини кўриб қолди. У бир япроқни судраб борар эди. Сўнг денгиз олдига келиб тўхтади. Сувдан бир бақа чиқиб, чумолини елкасига миндирди ва денгизга шўнғиб кетди. Бир оз вақт ўтгач, бақа яна чумолини қирғоққа олиб чиқиб қўйди. Сулаймон алайҳиссалом ундан нима қилиб юрганини сўради. Чумоли айтди: “Денгиз тубидаги бир тошнинг ичида бир қурт яшайди. Аллоҳ таоло шу қуртнинг ризқини менинг зиммамга юклаган. Шунинг учун ҳар куни икки марта Аллоҳ тақсим қилган насибасини унга етказиб тураман. Бу ишда Аллоҳ менга ёрдам бўлсин учун бир фариштани бақа суратида яратди. У мени ўша тошнинг олдига олиб боради. Сўнг тош ёрилиб, ичидан қурт чиқади ва мен унга япроқни едираман. Қурт ризқини еб бўлгач, Аллоҳга ҳамду сано айтади ва “Мени яратган, мени денгиз тубига яширган ва мени унутмаган Зот айбу нуқсонлардан покдир”, дейди. Кейин фаришта мени қирғоққа олиб чиқиб қўяди”. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаб айтдилар: “Денгиз тубидаги бир қуртни унутмаган Зот Муҳаммаднинг умматини эсидан чиқариб қўярмиди? Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасининг 3-оятида шундай марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳнинг ўзи унга етарлидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
“Ризқларингизни ва ҳожатларингизни эрта саҳарда талаб қилинглар. Чунки саҳарда ҳам барака, ҳам нажот тарқатилади”
Мусулмон тонг саҳарда уйғониши билан нафақат ўз бандачилигини адо қиларкан, балки ўзининг нажоти билан бирга ризқининг баракасига эга бўларкан. Барака дегани бешубҳа ризқ, ҳалол озиқ-овқат, Худонинг ризолиги билан топиладиган дунё, ози ҳам кўпга кифоя қилади, кўп машаққат чекмасдан топиладиган ризқ.
Фотима бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам розияллоҳу анҳо шундай ривоят қиладилар: “Мен субҳ пайтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар ва оёқлари билан мени турғазиб: “Эй қизим, туринг, Роббингиз ризқ тақсимлашига шоҳид бўлинг ва зинҳор ғофиллардан бўлманг! Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган соат ичида одамларнинг ризқларини тақсимлайди”.
Ҳалол билан ҳаром ҳаммамизга маълум. Маълум бўлмаса, мана олимларимиз бор, зикр аҳли бор, аҳли илм бор булардан сўраб билиш мумкин. Банда фақат Парвардигори ҳалол қилган нарсалардан ейиши, шубҳадан ҳам тўхташи лозим. Чунки шубҳа нарсаларга қўл урдими, демак, ҳаром нарсаларни тановвул қилишликка шайтонга йўл очилади.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби