Муқаддас динимиз илм-фан, тараққиёт, енгиллик ва осонлик тарафдори. Ҳаётимизга кундан кунга кириб бораётган интернетга бир неъмат, имконият ва енгиллик воситаси сифатида муносабатда бўлиб, унинг шукронасини қилиб боришимиз керак. Бу эса интернетдан яхшилик йўлида фойдаланиш билан бўлади.
Интернетдан фойдаланиш фақат керакли ўринларда бўлиши лозим. Юртимизда ўртача умр 75 йил деб олсак, ўртача кунига 8 соат ухлаган киши умрининг 25 йилини уйқу билан ўтказади. Яна қанча умримиз, ёшлигу бебошлик, турли суҳбат ва томоша қилиш, еб-ичиш билан ўтиб кетмоқда. Ҳадиси шарифда: “Дунё охират экинзори”, деб таъкинланганлиги, умримизни ғаниматлигини, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканлигини эсда сақлашимиз учундир.
Имом Термизий келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилиб топгани ва нимага сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Роббининг ҳузуридан узилмайди”.
Афсуски, интернет майдонида фақат керакли ва яхши ахборотлар тарқалмаган. Мусулмон киши доимо Аллоҳ кўриб турганини ёдда тутиши ва кераксиз, ёлғон, кўриш ва эшитиш гуноҳ бўладиган барча нарсалардан ўзини тийиши керак. Қуръони каримнинг Ғофир сураси 19-оятида бу очиқ баён қилинган: “У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, қалблар яширган нарсаларни ҳам билур”.
Интернет орқали турли ижтимоий тармоқларда ўзгалар билан мулоқот қилишда ҳам росгўйлик, ўзаро ҳурмат, самимийлик каби одобларга риоя қилиш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, деганлар”.
Хабарларнинг ростлигини текшириш, маълумотларни ишончли манбалардан олиш, савиясиз ва ишончсиз маълумотларни бошқаларга юбориб, уларни чалғитмасликка ҳам ҳар бир мусулмон эътиборли бўлиши керак. Зеро, бирорта ҳам кичикни ҳақир санама! Тоғлар ҳам майда тошлардан ташкил топган бўлади.
Валижон ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби