Ғазал мулкининг султони

Халқимизнинг буюк аждодлари, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алломалари хотирасига эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир. Шубҳа йўқки, ўтган аждодларимизнинг маънавиятлари, илм-фанда қолдирган мерослари ва адабиёт дурдоналари катта аҳамиятга эга. Хусусан,  ғазал мулкининг султони сифатида тан олинган аллома Мир Алишер Навоий бу борада илғор бўлган, барчага устоз бўлган бу соҳанинг тенгсиз намоёндаларидандир.
Навоий нафақат адабиёт, балки давлат ишларини идора қилишда ҳам илғор хусусиятга эга шахс бўлган. Навоий ўзига ишониб топширилган вазир лавозимида халқнинг юксак орзуларини рўёбга чиқариш, мамлакат осойишталигини сақлаш, илм-фан, адабиётни ривожлантириш, ободончиликка эътибор қаратишда улкан ҳисса қўшади. Навоий ташаббуси билан «Ихлосия»  мадрасаси,  «Халосия» хонақоҳи,  «Шифоия» табобатхонаси, Жомеъ масжидлари, «Дорул-хуффоз» қироатхонаси ва бошқа шу каби ўнлаб бинолар, работлар қурилади, каналлар қазилади.
Навоий мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жихозлаш, ўз-ўзини таъминлаши учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб турарди.
Навоий ўта саховатли шахс сифатида ҳам шуҳрат қозонган эди. У ўз замонасида ҳар йили икки мингга яқин бева-бечораларга, кийим-кечак, озиқ-овқат улашган. Ўз атрофига замонасининг энг машхур олимларни, санъаткорлар, қурувчилар, наққошлар, шоирлар ва ҳаттотларни йиғиб, уларга ҳар томонлама ҳомийлик қилади.
Навоий асарлари, ғазаллари гўзал маъноларга бой. Қуйида Навоий ғазалларидан баъзилари билан қисқача танишамиз.

Кимки, бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Агар бир кўнгли чўккан одамнинг кўнглини кўтариб бошини силасанг, гўё бузилиб ётган каъбани обод килгандай бўласан.

Кимса минг йил комронлик қилса билким, арзимас
Дахр аро бир лахза бўлмоққа биров коми била.

Минг йил муроду максадингга етиб шоду хуррамликда яшаганинг ўзгаларни муродига етказмоққа сарф этган бир лахза умрингга арзимайди.
Ўз замондошлари ва келажак авлодга эзгулик дарсини ўқитар экан, Навоий инсоннинг маънавий такомили нималардан иборат эканини бирма-бир кўрсатиб ўтган. Киши ҳеч качон ҳеч кимга ёмонлик қилмасин. Шунда ўзи ҳам ёмонлик кўрмайди.
Бизлар шундай улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросидан доимо фойдаланишимиз ва ёш авлодни адабиётга, аждодларимиздан қолган маънавий меросларга қизиқтириб уларнинг бу шарафли ишларини ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган муносиб ворислар қилиб тарбия қилмоғимиз даркор. Зеро, бу гўзаллик гулшанида ўсган фарзанд келажакда ота-онасига, яқинларига, ватанига фойдаси тегадиган, бу гўзал гулшан ичра очилган энг гўзал гуллардан бўлади.

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме
 масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan