Бузғунчилар хуружидан эҳтиёт бўлайлик!

Ислом эзгулик ва маърифатпарварлик динидир. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, юртимиз мусулмонлари уламоларимизнинг ўгитлари, амри маъруф, наҳйи мункарлари ҳамда диний адабиётлар орқали кундан-кунга ўз имон-ихлосларини зиёда этиб бормоқдалар.
Аммо бугунги кунда турли ғаразли мақсадларни кўзлаб, муқаддас динимизга янги тушунчаларни киритиш орқали одамларни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган жамоаларнинг фаолияти ҳам афсуски кузатилмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида воқе бўлмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ривояти)
Террорчилик бир сиёсий атама сифатида, қурол сотиш, конституцион тузумларни ағдариш ва бошқа тубан мақсадларга эришиш учун, айтиб ўтилган турли жиноий йўллардан фойдаланишни зарур ва жоиз деб биладиган кимсалар ва ташкилотларнинг йўл-йўриғидан иборат.
Террорчилик ҳеч қачон эзгуликка қаратилган эмас, аксинча ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва аҳлоқий фазилатларга қарши ишлатилганлиги учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Унинг тарихи қон билан ёзилган.
Террорчилик дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар, бу қабиҳ ишга қўл урадилар.
Террорчилик узоқ ўтмишга эга бўлиб, сон-саноқсиз бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб келган. Шарқу ғарбнинг машҳур шахсиятлари, йирик олимлар ва давлат арбоблари унинг қурбонига айланишган.

Қобилжон АСЛАНОВ
Боёвут тумани “Абдухолиқ Ғиждувоний”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan