Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам. У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади.
“Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. Улуғ зотлардан бири “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, – деб таърифлаган.
Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир” дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Машҳур саҳобалардан Билол разияллоҳу анҳу Мадинага кўчиб борганларида ўзларининг азиз ва муқаддас диёрларини эслаб, соғиниб шеърлар ўқир эдилар. Бу ҳам, албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини англатади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сураси 70-оятида марҳамат қилиб шундай дейди: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”.
Одамнинг азизлиги, инсоннинг мукаррамлиги Ватанига бўлган шу муҳаббатида ўзини аксини топади. Энди шоирларимиз, олимларимиз, ёзувчи адибларимиз жуда кўп жилд-жилд китобларни Ватан хақида, Ватан ишқида битганлар.
Пайғамбаримиз ўзлари туғилиб ўсган шаҳардан Мадинага ҳижрат қилаётганларида: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деган эканлар.
Бурхон ЖЎРАЕВ
Боёвут тумани “Абдуаҳадхон”
жоме масжиди имом-хатиби