Ким нимани исроф қилса, шунга зор бўлади.

Ҳазрати Жалолиддин Румийнинг “Ким нимани исроф қилса, шунга зор бўлади”, деган пурмаъно сўзлари ҳар биримизни ҳушёрликка чорлайди. Аллоҳ таоло барча махлуқотлари қатори инсониятни жуфт қилиб яратди. Эркакни аёлга, аёлни эса эркакка муҳтож қилиб қўйди. Улар ўртасидаги эр-хотинлик ришталарини никоҳ орқали боғланиши, ҳалол йўл билан инсоният наслининг пок сақланиши ва давом эттирилишини хоҳлади. Оилага хиёнат ва бузуқликни жазоси оғир бўлган катта гуноҳлардан бири эканлигидан огоҳлантирди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳни суннат эканлигини таъкидлади.
Инсоният ҳаёти учун муҳим ушбу суннат амални кечиктириш ёки унда суннатга зид бўлган ишларни жорий қилиш эса доимо салбий оқибатлар келтириб чиқаради. Аслида никоҳни эълон қилувчи оила ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда қўни-қўшни, қариндош ва маҳалладошларга зиёфат берса, кифоя қилади.
Қуръони каримнинг Исро сураси 29-оятида: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”, дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” – дея бизларни исроф қилмасликка ундадилар. Агар биз бу ҳадиси шариф айтилган даврни, ундаги одамларнинг яшаш тарзи, турмуш тарзидаги оддийликни тасаввур қилсак, исроф ҳақидаги бу ҳадисга янада жиддий қараб, бош қотиришимиз керак бўлади.
Шукрки, халқимизга исроф тушунчаси бегона эмас, ноннинг ушоғини ҳам нон дея, уни исроф қилмасликка ҳаракат қиламиз. Аммо бу одобларимизни асрашимиз, нафақат нонда, балки барча ноз-неъматларни тежаб ишлатишга жиддий эътибор қаратиш ва ёш авлодга уқтириб боришимиз керак.
Ҳатто, керагидан ортиқча таомни кетма-кет истеъмол қилиш ҳам исрофнинг бир туридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак”, деганлар. Тиббиёт ходимлари бу ҳақиқатни таъкидлаб, инсон саломатлигига кони зарар эканлигини тез-тез эслатмоқда.
Жанубий Африка Республикасининг собиқ президенти Нельсон Мандела айтганидек: “Ажойиб дунёда яшаяпмиз. Йўқсиллар овқат илинжида километрлаб йўл босишмоқда. Бойлар эса ўша овқатни ҳазм қилиш учун шунча юришмоқда”.
Тўйларни динимизга, юксак миллий одобларимизга мос, маърифатли, ортиқча дабдабаларсиз, ихчам қилиб ўтказайлик. Меҳнат билан топган маблағларимизни тежаб, болаларимиз келажагига сарфлайлик! ИСРОФ эмас, ИНСОФ қилайлик!

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Гулистон тумани бош имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan