“Афсуски, биз шу пайтгача аксарият фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам камбағал эканини кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмаганликка олдик. Бу нотўғри. Афсуски, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, халқимизнинг 4-5 фоизи камбағал экани айниқланди”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Беш қўл баробар эмас, атрофимизда яшаётган инсонларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун имкониятлари етарли эмас. Тақдир тақозоси билан етган касаллик, ожизлик ва тўсатдан келган турли мусибатлар бир томондан улар учун илоҳий имтиҳон бўлса, иккинчи томондан уларнинг атрофидаги кишиларга ибрат ва синовдир.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда “Мўминга чарчоқ, касаллик, ғам, ташвиш, хафалик етса, хаттоки тикан кирса ҳам хатоларига каффорат бўлади” – дейилган. Бу мақомга етиш учун эса мусибат эгалари тақдирга рози бўлиши, Яратганнинг синови деб билиши ва сабр билан Аллоҳнинг раҳмати ва мукофотини умид қилиб яшашлари керак.
Иккинчи томондан атрофдагилар улардан ибрат олиб, шукр қилишлари ва уларга ёрдам беришлари зарур. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Агар биронтангиз бойликда, тана тузилишида ўзидан афзалроқ (одам)га кўзи тушса, ўша заҳоти ўзидан пастдагиларга қарасин”. Яъни мол-дунёда, ташқи кўринишда юқорига эмас, пастга қараш, моддий жиҳатдан ўзидан ҳам оғирроқ аҳволда яшайдиганларни кўриб, шукр қилиш тавсия этилмоқда. Илм-маърифатда, одоб-ахлоқда, тақвода эса ўзидан юқорига қараш, солиҳ инсонларга ҳавас қилиш, уларга ўхшашга интилиш керак.
Шу билан бирга имконият даражасида уларга беминнат ёрдам бериш, тиргак бўлиш ва қўллаб-қувватлаш керак. Унда йўқ, аммо сизда бўлган неъматни ҳам сизга Аллоҳ таоло берган ва шу орқали сизни синайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ташлаб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмоннинг бир ғамини аритса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунидаги ғамларнинг биридан халос этади. Ким бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло унинг айбини ёпади”.
Бугун қавму қариндош ва маҳалла-куйда вақтинча ижарада яшаётган бошпанасиз кишилар, даволанишга моддий имконияти бўлмаган оғир беморлар, қозони қайнамай ўтирган, фарзандларига кийим олиб бера олмай турган камбағаллар бўла туриб, орзу-ҳавас дардида қимматбаҳо автоуловларни қатор-қатор қилиб юришлар, келинларнинг миллатимизга хос, динимизга мос бўлмаган кўйлакларни бир неча миллион сўмга ижарага олиб кийишлари, тўй дастурхонларига маст қилувчи ичимликларни қўйиш каби исроф ишлар қайси жиҳатдан ўзини оқлайди. ИСРОФ эмас, ИНСОФ қилишимиз, ночорларнинг кўнглини кўтариб, уларга ёрдам қўлини чўзишимиз керак.
Улар ҳаётда ўрнини топиб кетиши, ишларини йўлга қўйиб олишига ёрдам бериш, айниқса, ўшандай оиланинг фарзандларини ўқиши, касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш катта савобли ишлардан ҳисобланади. Зеро қўл билан берганга қуш ҳам тўймайди. Уларга балиқ бериш эмас, балиқ тутишни ўргатишимиз, қармоқ беришимиз лозим!
ДИЛМУРОД Сулаймонов
Гулистон тумани бош имом-хатиби