Қалбларга чексиз сурур бахш этгувчи муқаддас Рамазон ойи кўнгилларга ажиб бир хотиржамлик солмоқда. Шу улуғ кунларда саодатдан умидвор ҳар мўмин рўза тутиб, ибодатлар тўкислигига интилмоқда.
Бу ой аввало Қуръон ойидир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи-одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл, ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.
Рамазон ойида, ҳатто уламолар ҳам Қуръон эшитишга, Қуръон ўқишга киришиб кетар эканлар. Юртимизда Карантин сабабли хар бир мўмин ўз хонадонларида Таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар қилмоқдалар. Иншаоллоҳ, бу амаллардан кейин ижобат бўладиган дуолар бор.
Дуо қилайликки Аллоҳ таоло бу бало, офатларни кетказсин. Бугун дунё – шунга зор, мухтож бўлиб турибди. Зеро, Рамазон – дуо ойидир.
Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Имом Аҳмад қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”.
Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ватандошимиз Имом Термизий келтирган хадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”.
Бу ойда сахий бўлайлик. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».
Бу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сахий одам эканликлари. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойида яна ҳам сахий бўлиб кетишлари. Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кириши учун, одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда, закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар. Биз ҳам Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб муҳтожларга хайр-эҳсон қилишимиз афзал амаллардандир.
Бугунги синовли кунларда давлатимиз рахбарининг ташаббуси билан «Саховат ва кўмак» ҳаракати доирасида кўплаб эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Улуғ айём кунларида саховатпеша ҳамюртларимизни ушбу умумхалқ ҳаракати янада савоб- ажрларни ҳосил қилишига бир фурсат деб ўйлайман.
Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Илло, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойи қилсин.
Бу ойни фазилату-барокатидан жумла беморларга шифои комил берсин!
Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин!
Ҳидоятуллоҳ ИСАЕВ
Янгиер шаҳар бош имом-хатиби.