Барака бергувчи Аллоҳ

Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, осмондан барокот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло экинлар ва боғларни мисол қилиб келтирган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 10-11 оятлар).
Ризқу-рўзимизнинг аксари ерда етиштириладиган нарсалардан иборатдир. Шунинг учун Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ризқни ер остидан талаб қилинглар”. (Байҳақий ва Табароний ривоят қилган).
Дарҳақиқат, дастурхонимиздан деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар етиштирган нарсалар узулмайди. Биз эса барака сўраб истеъмол қилаверамиз. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар”. Доримий ривоят қилган. 
Деҳқондан таваккал қилиб меҳнат қилиш талаб қилинган бўлса, асл ўстириб берувчи эса Аллоҳ таолодир. Шу кунларда дала ва боғларда  дала ишлари бошланди. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилишяпти, бу йилги ҳосилларининг мўл ва баракали бўлишини тилаб дуои хайрлар қилишяпти. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншааллоҳ, самарасиз қолмайди. Ёмғир Аллоҳ таолонинг фазли-раҳмати бўлгани учун ёмғир ёғаётган пайтда қилинган дуонинг ижобат бўлишидан умид қилинади.
Шундай экан, ёмғир томчилаб турган пайтда юртимиз ва ўзимиз учун муҳим бўлган нарсаларни Аллоҳ таолодан сўраб олишимиз мақсадга мувофиқдир: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламِ: “Икки нарса рад қилинмайди; Азон пайтида ҳамда ёмғир ёғиб турган пайтда қилинган дуо (рад қилинмайди), дедилар”. Имом Ҳоким ва Тобаронийлар ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги ҳосиллари мўл-кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган ҳосилларини нест-нобуд ва увол қилмай йиғиб-териб олишларини насиб этсин.

 

Ҳалилуллоҳ РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизробод”
 жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan