Хотира – улуғ, кексалар қадри-буюк фазилат.

Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати илоҳийси билан инсонни яратганда уни жамики махлуқот ва мавжудод ичида мукаррамлик билан мартабасини кўтариб қўйди. Бу ҳақда муборак каломи шарифида хабар бериб айтадики:

 “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…”. (Исро сураси, 70-оят)

Ушбу ояти каримага биноан инсон зоти Аллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами экани таъкидланмоқда. Шундай экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам бирдек қадр-қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини унинг ҳаётлиги ва фоний ҳаётни тарк этгандан сўнг ҳам юқори даражага кўтаради.

Аллоҳ таоло бу дунёда инсонни турли-туман қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади ва унинг имони қай даражада мустаҳкам эканини синовлардан ўтказади. Инсон сабр ва матонат ила мана шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, у албатта Аллоҳ таолонинг олий мукофотларига сазовор бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилинади:

“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”.(Бақара сураси, 155-157 оятлар)

Ватанимизда яшовчи ҳар бир фуқаро ушбу ояти карима маъно ва мазмунидан келиб чиққан ҳолда бошларига келган ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон йиллари, Иккинчи Жаҳон урушининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб, ўзлигини асло йўқотмади, мустаҳкам имон, Аллоҳ таолонинг доимо раҳматидан умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди ва келажакка катта умидлар билан боқишди.

Истиқлол йилларида улуғ аждодларнинг хотираларини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этиш, уларни ҳақларига дуолар қилиш, ҳаётда бўлганларининг холидан хабар олишдек эзгу амалларга бел боғлаш дилимиздаги энг улуғ ниятлардан бирига айланди.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.(Ҳашр сураси 10-оят)

Муҳтарам юртдошлар! Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш аслида бизнинг бой анъаналаримиз, миллий урф-одат ва қадриятларимиздан келиб чиққан, десак хато қилган бўлмаймиз. Зеро, Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар:

“Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Шундай экан, биз тириклар ўтган аждодларимизни ёдга олиб, уларни ҳақларига дуои хайрлар қилиб, ҳаётда бўлган ёши улуғ, кекса отахон ва онахонларимизни холидан хабар олиб, уларга ўз эҳтиромимизни кўрсатишимиз лозим. Зеро, ўтганларни бориб қабрларини зиёрат қилиш уларни яхши ишларини эслаб хақларига дуо қилишимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларидандир. Расулуллоҳ муборак хадисларида шунай марҳамат қилганлар:

“Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Термизий ривояти).

Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда:

“Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади”-деганлар.

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда ўша қилмишларига яраша бир қадар Аллоҳнинг мукофоти ёки жазосига сазовор бўлган ҳолда ётурлар. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди.

Агар биз, мусулмонлар аждодларимиз руҳларини шодлантириш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан албатта, яхши намуна оладилар, десак асло хато қилмаган бўламиз. Зеро, улар ҳам бизларни шундай хотирлаб, дуойи хайрларда бўлишади.

Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Агар, бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёҳуд ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”.(Имом Муслим ривояти)

Илоҳим, ўз она юрти,фарзандлари ва дину-диёнати муҳофазаси йўлида, қатағон йиллларида ва иккинчи жаҳон уриши даврида вафот этган барча аждодларимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлиб, охиратлари обод бўлсин. Ҳаётда бўлган қария отахону-онахонларимизни умрлари узоқ бўлиб, биз ёшларни доимо ҳурмат эҳтиромида бўлишларини ва энг асосийси биз ёш авлодларни дуогўйи бўлиб юришларини Аллоҳ насиб қилсин.

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё тумани “А.Яссавий”
жоме масжиди имом хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan