Аллоҳ таоло сизу биз бандаларига бу дунёда чексиз неъматлар ато қилди, шуларни ичида шубҳасиз энг афзалларидан ва зарурларидан бири инсоннинг доимо истиқомат қиладиган уй жойидир. Ҳар қандай инсон ана ўша манзилдагина хотиржам, эмин эркин ва дахлсиз бўла олади. Демак Хақ таъоло инсонни шундай фитрат ила яратган. Бу ҳақиқатни биз Қуръони Каримни Наҳл сурсининг 80-ояти каримасидан ҳам билиб олсак бўлади: “Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”. Ушбу ояти каримадан маълум бўлмоқдаки, инсон учун энг оромгоҳ жойи уйи ҳисобланади.
Ҳазрат Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам ўзларининг шарафли ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қиладилар: “Эркак кишининг саодатли эканининг аломати учтадир. 1. Яхши қўшни, 2. Яхши маркаб, 3. Кенг маскан”.
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифдан маълум бўлдики уй ҳам улуғ неъматлардан бири экан, инсон ўз уйичалик бошқа жойда ором топа олмас экан.
Доно халқимиз уй жойни ўз тилларида “Ватан” дея таърифлашади. Ҳақиқатдан ҳар биримизни хонадонимиз Ватан ичра кичик Ватандир. Қачонки ўз хонадонимизни қадрига етсак, уни севсак ва асраб авайласак, жонажон юртимизни ҳам кўз қорачиғимиздек ҳимоя қила оламиз.
Бугун коранавирусдан энг яхши ҳимояланиш чораларидан бири уйда қолиш эканлиги таъкидланмоқда. Аллоҳ таъоло оромгоҳ қилиб қўйган ўз уйимизда яқинларимиз ила бирга ўтиришлик ва бирга эзгу амал ва ибодатлар қилишимиз ҳам улкан неъматдир. Уни ғанимат билайлик.
Шуни қаторида мўмин мусулмон инсон доимо вақтини қадрига етиши, уни исроф қилишдан сақланиши лозим. Вақтимизни керакли ишларга сарфлайлик. Дин ва дунё ишларида улгира олмай қолган ишларимизни адо қилайлик. Фарзандларимизни онлайн таълимларига кўмак берайлик, томорқаларимизда мехнат қилайлик ва келажак учун яхши амаллар ва ишларни режалаштирайлик.
Аллоҳ таола тез кунларда беморларимизга шифо бериб, бу синовлардан ёруғ юз ва талофатларсиз ўтишимизни насиб қилсин.
Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”
масжиди имом – хатиби