Шу кунларда ким билан учрашманг, ёки телефон орқали боғланманг, халқимиз бошига тушган синовли кунлар, уларни енгиб ўтиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар, айниқса, Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун туну кун билмай ишлаётган Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларининг матонати ҳақида гапиришади. Бундай нохуш ҳолатлар онахонлар, шу жумладан, ҳожи оналарни ҳам ташвишга солаяпти.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятимиз бўйича вакилининг аёллар масалалари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси Раҳима Искандарова карантин бошлангандан бери бир неча марта шу мавзуда куйинчаклик билан мақолалар ёзди. Унинг айтишича, айни кунларда, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги сув тошқинидан талофат кўрган маҳаллаларнинг фаол аёллари, отинойилари, ҳожи оналар ҳам рўй берган ҳодисадан азият чеккан одамлар, уй бекалари билан суҳбатлашиб уларга вақти келиб, ҳамма нарса изга тушиши, яхши кунлар қайтишини айтиб, таскин беришмоқда. Ахир оғир кунларда ёнингда дардлашадиган яқинларинг, дўстларинг бўлганига нима етсин.
-Халқимизда «Бир суринсанг учгача» деган мақол бор, назаримда ўша мақол шу сафар бизнинг халқимизга кўринди, Яратган Эгам халқимизни уч бора синовдан ўтказди, – дейди Р.Искандарова. – Аввал карантин, кейин Бухородаги табиий офат, кейин эса Сардоба сув омборидаги тошқин. Хайриятки бухороликларни ҳам, сирдарёликларни ҳам Яратганнинг Ўзи асради. Уйларнинг томлари учди, қишлоқларни сув босди, лекин одамларнинг жонлари омон қолди. Буни қаранг, Бухорода бу ҳол кечаси (агар кундуз бўлганида талофот кўп бўларди) содир бўлди. Сардобада аксинча, офат саҳар чоғи юз берди. Аллоҳ раҳмдил, йўқса, тошқин тунда рўй берганида талофат бундан-да катта бўларди. Қишлоқ одамлари эрта уйғонишади. Қолаверса, рўзадорлар сахарликни тугатгач, кексалар бомдод намозини ўқиб, элу юртимизга, оиласига тинчлик, хотиржамлик тилаб, дуо қилиб ўтирганида бу ҳодиса рўй берди.
Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир ишининг орқасида хикмат бор. «Сардоба тошқини» Ўзбегимнинг кимлигини, сабр-тоқатини, матонатини, шунингдек, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм, қадр-қиммат, хайру-саховат, бағрикенглик фазилатларини намоён қилди. Айниқса, муҳтарам Юртбошимизнинг воқеа жойига зудлик билан етиб келиб, сув тошқинидан жабр чеккан аҳолини эвакуация қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ишларига бош-қош бўлгани, кўнглига таскин бериб тоғдек таянч, қалқон бўлиб тургани саросимага тушиб, ёниб турган халқнинг юрагига сув сепгандек малҳам бўлди. Давлатимиз раҳбари ва вилоят ҳокими раҳбарлигида барча мутасадди ташкилотлар оёққа турди. Шуниси эътиборга лойиқки, бу ишга вилоятимиздаги автоулови бор йигитлар ҳам шайланишди. Вилоятимиз осмонида учган – эвакуацияга, қутқарув ишларига жалб этилган вертолётларнинг парвозларини воҳамиздаги ҳар бир жон минг хавотир ва ҳаяжон, энг муҳими, умид билан кузатиб турарди.
Давлат раҳбарининг “Бу энди кўргулик. Бир нарсани билингки, сизларнинг хонадонларингизни саранжом килиб, кўпларингизни янги уйларга кўчирмагунча мен тинчимайман. Сиз тинч – мен тинч, сиз борки- мен борман.»- деган сўзлари безовта қалбларга далда бўлди.
«Қўшнинг тинч сен тинч «- деган халкимиз. Жиззах вилояти, Тошкент вилоятларининг бир қатор туман маҳаллалари аҳли ҳам жабр кўрганларни бағриларига олишди. Кимдир тоғорада ош, кимдир сават тўла иссиқ тандир нон билан қўшниникига келган меҳмонларни йўқлаб чиқиб, кўнглини хотиржам қилмокда. Яна бошқа бировлар болалари учун кийим-кечаклар, ширинликлар, ўйинчоқлар билан сийлашди.
Дўст оғир кунда билинади. Турли ҳудудлардан Сирдарёга йўл олган карвонларнинг кети кўринмади. Шуни айтадиларда, “Бирлашган ўзар” деб. Воҳадошларимизнинг дарду ташвишларига шерик бўлаётган Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бошқа хизматлар ходимларининг сув тошқини бўлган жойларда кечаю кундуз кўрсатаётган матонати, шунингдек, маҳаллалардаги жонкуяр инсонлар, кўнгилли ёшларнинг ҳаракатларини кўриб тасанно деймиз. Илоҳо, ёмон кунлар ортда қолсин, Рамазоннинг қолган кунлари яхшиликлар билан хайрли ўтсин, дея дуолар қиламиз.
Раҳима Искандарова суҳбат охирида барча оналар, дуогўй момолар номидан ташвишланиб, эл-юртга тинчлик, хотиржамлик, соғлик-омонлик тилади.
Суҳбатдош: Холида ПАРДАБОЕВА.