Шошилинг, бир ҳафтагина қолди, Рамазоннинг савобларидан баҳраманд бўлинг!

Яратганга чексиз шукрлар бўлсинки, барчамиз рўза тутиб зиммамиздаги бандалик вазифамизни адо қилиш билан бирга улкан ажру савоблар эгасига айланмоқдамиз, ИншаАллоҳ! Айниқса машаққатли ва масъулиятли ишларни қилаётган юртдошларимиз ҳам сабр ва матонат ила рўза тутмоқда. Бу эса инсоннинг иймони, иродасини мустаҳкамлайди, жисми ва руҳини тарбиялайди, нафсни жиловлашни ўргатади. Бу тарбия эса кейинги Рамазонгача 11 ой ўзининг ижобий тарбиявий фойдасини кўрсатади. Ҳалоллик, поклик, шукроналик ва албатта доимо Яратганнинг назоратини ҳис қилиб меҳнат қилиш эса юртга барака олиб келади, бузғунчиликлар йўлига ғов бўлади.

Ушбу муборак ойда қилинадиган хайр-баракотли ишлардан бири, шубҳасиз, рўзадорларга ифторлик қилиб беришликдир. Албатта, бу жуда улкан савобли иш. Ҳадиси шарифларда ифтор қилиб берилган рўзадорларнинг тутган рўзалари учун бериладиган миқдорчалик ажр-у савоблар ифтор қилиб берувчи шахсга берилиши таъкидланган.

Бу Рамазонда Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан карантин сабабли оммавий ифторлик қилинмаяпти. Аммо бу ифторлик қилиш имконияти энди йўқ дегани эмас. Аксинчи энг яхши ифторликлар вақти бу кунлар. Бир томондан карантин сабабли кам таъминланган ва ишсиз оилаларнинг моддий шароити қийинлашгани, иккинчи томондан Рамазон – саховат ойи, чунки ҳадиси шарифда: “Энг афзал садақа – Рамазондаги садақадир”, дейилган.

Муҳтож оилаларга ифторлик ва саҳарлик учун озиқ овқат маҳсулотлари ва бошқа кундалик зарурий ашёларни ёки пул маблағларини улашиб, ифторлик ва саҳарлик савобларини олайлик. Улар ҳам Рамазонда ҳурсанд бўлиб, сизнинг ҳақингизга эзгу дуоларни қилиб фарзандлари билан ифторлик ва саҳарликларни қилсин!

Ҳа, азиз юртдошлар, Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, ҳайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимларни бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят  қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Рамазон ойидан катта савоблар ва улкан мағфиратлар билан чиқишни барчамизга насиб қилсин. Тутаётган рўзаларимиз, қилаётган ибодат ва саховатларимизни меҳрибон Роббимиз даргоҳида қабул айласин!

Абдували ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани «Абу Бакр Сиддиқ» масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan