Эл бошига иш тушганда…

Бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатлари тарқаган коронавирус касаллиги, шунингдек, Бухородаги кучли шамол ва 1 май куни Сардоба сув омборида юзага келган Сирдарёдаги сув тошқини халқимиз бошига келган оғир синов бўлди. Воқеа жойига муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари етиб келиб, талофатдан жабр кўрган инсонлар билан учрашиб, улар билан дилдан гаплашдилар. Бундан барча Сирдарё аҳлининг кайфияти ва руҳияти кўтарилди.

Албатта, бу қийинчиликларни енгиб ўтишда биздан катта сабр ва матонат талаб қилинади. Динимиз бизларни бало келганда сабр қилишга чорлайди. Сабр билан ҳар қандай қийинчилик ва машаққатлар енгиб ўтилади.Мўмин киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр-тоқат қилади ва Парвардигоридан бунинг эвазига ажр-савоб ато қилинишини умид қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин киши сифати ҳақида бундай деганлар: “Агар мўминга хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга хайрлидир. Агар унга бирон зарар етса, сабр қилади. Бу ҳам унга хайрлидир”(Имом Аҳмад ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят мазмуни), деб марҳамат қилган. Яъни Аллоҳ таоло инсониятни ҳар хил балолар билан синашлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Юртимизга келган касаллик, шамол, ёғингарчилик ва сув тошқини натижасида бўлган талофатларга сабрли бўлиш, Аллоҳга истиғфор айтиб, бундан ҳам ёмон бўлмагани учун шукр қилишимиз лозим. Шундай мусибатларга сабр қилиш – чидаш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш имон тақозо қилган ишлардандир. Тоат ва ибодат қилиш, гуноҳлардан сақланиш баробарида мусибат ва қийинчиликлар етганда сабрли бўлиш мусулмон кишининг асосий фазилатларидан биридир. Бу синовларга сабрли бўлсак, ноумид бўлмасак,албатта Аллоҳ таоло сабрлиларга ваъдаси ҳақдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар мазмуни) деб марҳамат қилган.

Эл бошига иш тушган шундай оғир дамларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳеч кимнинг чорлов ва ёки даъватини кутиб ўтирмай, сардобадикларга инсонпарварлик ёрдами  кўрсатилди. Талофат кўрганларга ёрдам кўрсатишда халқимизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва албатта, нечоғли саховатпешалиги мана шундай савобли ишларда кўринди.Холис ниятда амалга оширилаётган ёрдамлар моддий ва маънавий мададга муҳтож бўлган кишиларнинг дилларига малҳам бўлди. Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади” (Муслимривояти). Яна бир ҳадисда бундай дейилади: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 Эл бошига иш тушганда сабр билан ёрдам қўлини чўзиш чин мўминлик сифати, халқимизга хос фазилатдир. Аллоҳ кимгадир иймон ва соғлик, кимгадир молу дунё, кимгадир солиҳ фарзандалар, кимгадир мансаб-мартаба ва яна кимгадир бошқа неъматлар бериб синайди. Худди шунингдек, кимларни офату-балолар билан, кимгадир дард бериб, кимгадир ноқобил фарзандлар ва яна кимнидир фарзандсиз қилиб синайди. Эҳтимол шу синов орқали Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилиб, ёмонликни ундан буриб юборгандир.  Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз». («Бақара» сураси, 216-оят).

  Шундай экан, мўмин инсон ўзига етган турли ғам-ташвишлар тагида бир ҳикмат борлигини ва унинг гуноҳларига каффорат ва даражалари кўтарилишига сабаб бўлишини билиши ҳам унга далда бўлади. Бу ҳақда Набий алайҳисссалом айтганларидек: «Бирор мусулмон кишига етган машаққат, касаллик, ғам-ташвиш, хафагарчилик, азият, ҳатто баданига кирган бир тикан сабабли ҳам, Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Албатта офатлардан талофат кўрганларга хайру эҳсон кўрсатиш барчамизнинг бурчимиздир.  Муборак Рамазон ойида яхшилик ва кўмакимизни кўпроқ талофатдан жабр кўрган инсонларга кўрсатсак, савоби албатта кўпроқ бўлади.

Талофатдан жабр чекаётганларга  чиройли сабр тилаймиз. Сабр деб аталмиш фазилат қалбларимизни мунаввар қилсин. Рамазони шарифда бу кулфатлар кўтарилиб, тез  кунларда хурсандчиликлар келишини Аллоҳдан сўраб қоламиз!

Ҳабибуллоҳ  ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом хатиби.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan