Минг ойдан афзал кеча

Рамазон ойи – Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам орзу қилган ой. Бу ой Қуръони карим ўқиш, хайр-саҳоват улашиш ва меҳр кўрсатиш мавсумидир. Айниқса, бу ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Қадр» сурасида шундай марҳамат қилди:

  1. “Албатта Биз Уни (Қуръонни Лавҳул маҳфуздан биринчи осмонга) қадр кечасида нозил қилдик.
  2. (Эй Муҳаммад) қадр кечаси нима эканини сизга нимани англатур?
  3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.
  4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорнинг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар.
  5. У (кеча) то тонг отгунча саломатликдир.

Қадр кечасининг фазилатлари ҳақида Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: Ким қадр кечасини иймон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: «Ким Қадр кечасида икки ракат намоз ўқиса ва саломдан кейин етмиш марта «Астағфируллоҳа таоло ва атубу илайҳи» деса, ўрнидан турмасиданоқ Аллоҳ таоло уни ва ота-онасини мағфират этади. Бир фариштага у банда учун жаннатда дарахт ўтказишни, қаср бунёд этишни ва ариқ очиб, сув оқизишни амр этади. У банда жаннатдаги ўзининг жойини кўрмагунича бу дунёдан кетмайди».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилишган.

Бу кеча Рамазоннинг охирги ўн кечасининг  тоқ кечалари 21, 23, 25, 27 ва 29 кечалар бўлиб ҳадисга биноан Қадр кечаси деб умид қилинади. Албатта, хозирги карантин вазиятини эътиборга олган холда «Қадр» кечасини ҳар ким ўз хонадонида, оиласи билан бирга ибодатларни адо этишлик тавсия қилинади. Аллоҳ таоло барчамизни бу кечани ғанимат билиб, тунни ибодатда,  Аллоҳ таолони зикрида ўтказишликни насиб қилсин. Бу кечанинг фазилатларидан барчамизни Аллоҳ таоло насибадор қилсин!

 

Ҳабибуллоҳ домла Зокиров
Сирдарё вилояти бош имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *