Ҳайитнинг одоблари

Саид ибн Авс Ансорий отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи:“Рамазон ҳайити куни саҳар вақтида Аллоҳ таоло фаришталарини юборади. Улар ер юзига тушадилар. Ҳамма кўчаларнинг бошларида фаришталар туриб оладилар-да, инсону жиндан бошқа барча махлуқлар эшитадиган овоз билан нидо қиладилар: “Эй Уммати Муҳаммад, эй мусулмонлар, ўрнингиздан туринг. Карамли Роббингизга пешвоз чиқинг. Бугун катта эҳсонлар бўлади. Чунки кечалари қоим кундузлари соим бўлдингизлар. Кундузи рўзадор бўлиб, кечалари таровеҳларни ўқидингизлар ва бу билан Парвардигорларингизга

 итоат қилдингизлар. Энди мукофотларингизни олинглар”. Мўминлар ҳайит намозини ўқишлик учун масжидга келганларида яна бир фаришта нидо қилади: “Билиб олинг, Роббингиз сизларни кечирди. Энди уйларингизга улуғ ажрлар билан мукофотланган ҳолда қайтинглар”, дейилади. Бу ҳайит кунини осмон аҳли “Мукофотланиш куни” деб номлайдилар”. дедилар
Ибн Аббос айтадилар: “Ҳайит куни фитр садақасини беришлик суннат амалларидандир”.
Рўзадор одам Рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориши учун фитр садақаси тўлаш жорий қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Фитр садақаси рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ножоиз ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомдир. Ким уни ҳайит намозидан олдин адо қилса, у фитр садақаси бўлиб қабул бўлади. ким уни намоздан кейин адо қилса, фақат оддий бир садақа бўлиб қолади” дедилар.
Ҳайит кунининг одоблари ва у кундаги суннат амаллар қуйидагича: .

  1. Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, энг яхши кийимларни кийиш ва хушбўйликлар сепиш. Атир сепиш фақат эркакларга тегишлидир. Чунки Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам аёлларни кўчага атир-упа сепиб чиқишдан қайтарганлар; .
  2. Рамазон ҳайитида киши намозга чиқишдан олдин бир-неча (тоқ сонли) хурмо ёки бирон нарса ейиши мустаҳаб бўлса, қурбон ҳайитида намоздан қайтиб келгунича ҳеч нарса емаслиги, намоздан қайтганидан сўнг эса ўз қурбонлигидан тановул қилиши мустаҳабдир;
  3. Ҳайит куни такбир айтиш: Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рамазон ва қурбон ҳайитида намозгоҳга келгунича, намозгоҳга келганидан кейин имом минбарга чиққунича такбир айтар эдилар (Дорақутний ривояти);
  4. Токи байрам кайфияти барчада намоён бўлиши учун мусулмонларни байрам билан табриклаш ва болаларга ҳайитлик улашиш;
  5. Намозга борганда бошқа йўлдан, қайтганда бошқа йўлдан қайтиш;

 Аллоҳ таоло ҳайит байрамини барчамизга муборак қилсин! Бу қутлуғ кунларни Аллоҳга янада яқинлаштирадиган, мусулмонлар ўртасида ўзаро биродарлик ва меҳр-шафқат ришталарини мустаҳкамлайдиган солиҳ амаллар билан ўтказишни насиб этсин!

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод”
 жоме масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *