Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Азиз юртдошлар, муборак Рамазон ойи тугаб, юртимизга Рамазон ҳайити – Ийд ал Фитр байрами кириб келмоқда. Рамазон ҳайити исломдаги энг муқаддас байрамлардан бири ҳисобланиб, бағрикенглик, биродарчилик ва раҳм-шафқат рамзи ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон бу муборак кунни интиқлик билан кутади. Барчамизга Аллоҳ таоло бу улуғ айёмни муборак қилсин!

Карантин ҳолатида ийд намози ўқилмасада, ҳайит кунлари қилинадиган бошқа савобли амаллар бор. Ийди Рамазон кечаси ҳам муборак кечалардан ҳисобланади. Бу кечани ибодат, зикру тасбеҳ билан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ийд куни покланиш, хушбўйланиш, янги тоза кийимларни кийиш, энг асосийси хурсандчилигини изҳор қилиш суннатдир. Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин Зуҳо, Чоштгоҳ каби нафл намозларни адо қилиб, Аллоҳ таолодан офият ва ҳожатларини сўраш чиройли амаллардандир.

Бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатларига тарқалган коронавирус касаллиги, шунингдек, 1 май куни Сардоба сув омборида юзага келган Сирдарёдаги сув тошқини халқимиз бошига келган оғир синов бўлди. Албатта, бу қийинчиликларни енгиб ўтишда биздан катта сабр ва матонат талаб қилинади. Ҳозирги шароитда барчамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтириш, айни муддаодир. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсатга айлантирайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда халқимизга фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, хотиржамликни қайтарса.

Ҳурматли юртдошлар! Рамазон ойи ҳар биримизга ҳақ йўлдан юришга ва маънавий баркамолликка эришишга имкон берди. Кўпчилик инсонлар бу ойда ўзларининг зарарли одатларидан фориғ бўлдилар, ўз оилаларига кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қилдилар. Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ кўринади. Шу боис Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш,  ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади.

Муҳтарам Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ташаббусни халқимиз кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олди. Бинобарин, мана шундай синовли кунларда бир биримизга ғамхўр, меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ ва тиргак бўлишимиз инсонийликнинг энг олий намунаси, десак асло муболаға бўлмайди. Муқаддас динимизда мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ундалади. Чунки, инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб борувчи йўллардин биридир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим”. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади”? Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: “Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади”. Улар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нима қилади”? Ул зоти шариф дедилар: “Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади”. Саҳобалар савол беришди: “Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади”? Пайғамбаримиз (с.а.в.) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди”. Саҳобалар сўрашди: “Буни ҳам қила олмаса-чи”? Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Демак, инсон қўлдан келганча хайр-эҳсон қилиши билан ҳам ўзгаларга наф келтиради, ҳам ўзининг номаи аъмолига яхшиликлар битиб қўяр экан. Айниқса, Ҳайит кунларида бундай ишларга камарбаста бўлиш бир неча баробар ажру-савобларни зиёда қилади.

Шуни такидлашимиз керакки, ушбу хурсандчилик кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан мустақил Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини бардавом, халқимизни янада фаровон бўлишини насибу рўз айласин. Инсониятга катта ташвишлар келтираётган коронавирус балосини Аллоҳ таоло Ўзи бизлардан кўтарсин. Сув тошқинидан зарар кўрган ҳамюртларимизни ташвишлари кўтарилиб, тез кунларда хурсандчиликлар келишини Аллоҳдан сўраб қоламиз!

Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *