РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Халқимиз бошига тушган оғир синовларга қарамай муборак Рамазон ойини мўмин мусулмонларнинг кўтаринки руҳда, кечаларини қоим, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишга муваффақ айлаган Раббимиз Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту-саломлар бўлсин!

Азизлар! Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвоси инобатга олинган холда, 2020 йил муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 24 май кунига тўғри келиши маълум қилинди.

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилганига қарамай, барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини бақадри имкон тутиб, Аллоҳ ваъда қилган буюк мукофотни қабул қиладиган Фитр Ҳайити арафасида турибмиз. Ушбу муборак Рамазон ойи давомида барча мусулмонлар карантин қоидаларига риоя қилган холда, Аллоҳ таолонинг мадади билан ўзларига фарз этилган рўзаларини тутиб, барча ибодатларни ўз уйларида, аҳли оиласи билан биргаликда кечаларни тоат ва ибодатда ўтказиб, қориларимиз томонидан ижтимоий тармоқлар орқали онлайн ўқилган хатми Қуръонларни эшитиб, имон ва ихлосларини янада зиёда қилдилар.

Қадрли юртдошлар! Биз Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, Рамазон Ҳайитини ҳам кўтаринки руҳда, унданда файзлироқ ўтказмоғимиз керак бўлади. Рамазон ойи рўзасини эсон-омон тутиб олганимиз учун Яратганга шукроналар айтмоқлигимиз лозим. Шунингдек ушбу байрам кунларида ҳамма бир-бирини Ҳайит билан самимий муборакбод этадилар. Ҳайит кунларида биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримиздан, қариндош-уруғларимиз ҳамда ёру-биродарларимиздан кўнгил сўраш ва уларни кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Албатта, хозирги карантин шароитида эпидемия тарқалишини олдини олиш мақсадида, барча эҳтиёт чораларини кўришлик талаб қилинади. Яқинларни байрам билан қутлаш, улардан хол-ахвол сўрашлик телефон орқали бўлиши мақсадга мувофиқ саналади.

Бугун – барчага қувонч улашиладиган кун! Яна шуни ёдда тутмоғлигимиз лозим бўладики, Рамазон Ҳайити бўлганлиги учун бу улуғ кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал, лекин булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур. Карантин қоидалорини бузиб, асли бидъат бўлган амалларни қилиб, хонадонма-хонадон кириб юришлик мутлақо динимиз кўрсатмаларига зид бўлган ишлардир.

Муҳтарам азизлар! Яна бир-бор диёримизда яшовчи барча мўмин- мусулмонларни Рамазон Ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз ўзаро тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуойи ҳайрлар қиламиз. Инсониятга катта ташвишлар келтираётган коронавирус балосини Аллоҳ таоло ўзи бизлардан кўтарсин. Сув тошқинидан зарар кўрган ҳамюртларимизни ташвишлари кўтарилиб, тез  кунларда хурсандчиликлар келишини Аллоҳдан сўраб қоламиз! Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати, юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган эзгу ишларида Яратган мададкор бўлишини сўраб қоламиз! Омин!

Абдурауф ЁРБЕКОВ
Сирдарё вилояти
 вакили ўринбосари.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *