Ёт ғояларга оғишмайлик.

Инсон қаердан,қандай маълумотларни олмасин, албатта, текшириб кўриши ва уларга кўр-кўрона эргашмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг”(Эй инсон!)Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро,36),- деган хитобига қатъий амал қилиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ): “Дин- бу илмдир, уни кимдан олаётганларингизга қаранг”,-деган. Эътиқод илмини яхши билмаслиги боис инсонннинг ақидаси ноқис бўлиб қолади. Ислом дини таълимотига кўра, агар ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади. Улуғ бобомиз Сўфи Оллоҳёр айтганларидек, ”Ақида билмаган шайтона элдур, агар минг йил амал деб қилса, елдур”!

Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳимдир. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади. Аксинча, бузуқ эътиқодли кишилардан-да хавфли одам бўлмайди, ундайлар ҳар қандай пасткашликка тайёр туради. Улар ҳар бир давр учун ва ҳар бир жамият учун катта таҳдиддир!

Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаи киромлар билан ўтирган ҳолларида ерга узун тўғри чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар. Кейин унинг ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига 36 та чизиқ тортиб, “Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир”, дедиларда, сўнг қуйидаги ояти каримани ўқидилар: “ Албатта, мана шу  (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир” (Анъом, 153). Набий (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ва саҳобаларининг йўли бағрикенглик, бировга қўли билан ҳам, тили билан ҳам озор бермаслик, эзгулик, илм ва одоб йўли эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам):”Мусулмон, унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор чекмайдиган кишидир”,-деганлар.

Айни кунда аниқ ҳужжат ва далиллар келтирилгандан кейин ҳам эгри йўлдан қайтмайдиган қайсар кимсалар ўзига-ўзи зулм қилувчи, адашганлардир. Аллоҳ таоло:”Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 105),- деб қаттиқ огоҳлантирган.

Пайғамбар (алайҳиссалом)уруш ҳолатида ҳам кексаларга, ёш болаларга, аёлларга тегмасликни, дарахтларни кесиб, уйларни вайрон қилмасликни буюрганлар. Шундай экан, ўзини портлатиш орқали тинч аҳолини ўлдираётган худкушларни сира оқлаш мумкин эмас. Улар бундай хатти ҳаракатлари билан бутун дунёда мусулмонлар номига доғ тушираётган, Ислом дини ҳақида ёмон тасаввур уйғотаётган манфур кимсалардир.

Юқорида келтирилган оятлар ва ҳадиси шарифлардан хулоса чиқариб айтиш мумкинки, ўзини-ўзи ўлдириш, белига бомба  боғлаб олиб, портлатиш асло шаҳидлик эмас, балки энг катта гуноҳдир.

Азиз ёшлар!  Йўлдан адашганларга ўзини-ўзи портлатиш, яъни камикадзе (худкуш)ликни ўргатаётган кимсалар: “Бу ишинг орқали  тўппа-тўғри жаннатнинг энг олий мартабасига эришасан”, деганга ўхшаш ёлғон уйдирмаларни тарқатмоқда. У манфурлар бу билан  Аллоҳнинг номидан гапирмоқда! Мулоҳаза юритайлик, агар инсон ўзини ўзи портлатиб, одамларни ўлдириш орқали жаннатга эришадиган бўлса, нима учун Сизга ўргатаётган кимсанинг ўзи биринчи бўлиб бу ишни қилмайди? Нима, унга жаннатнинг юқори даражаси ва олий неъматлари керак эмасми?

Рамзиддин КЎБАЕВ
Сайхунобод тумани “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan