2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашдан иборат.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб халқимизнинг орзу-умидлари амалга ошди, қадриятлари тикланди. Масжид, мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади.
Халқимизга хос бўлган диний бағрикенглик туфайли юртимизда турли дин вакиллари ёнма-ён, тинч-тотув яшаб келмоқда. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб, бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этиши чин маънодаги бағрикенгликдир. Бу фазилат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Юртимизда қадимдан кўп миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлайди, жамиятда табиий равишда учрайдиган ижтимоий фарқларнинг кескинлашувига, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки бутун Ер юзида диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш асосий ҳаётий заруратга айланмокда. Айнан бағрикенглик, сабр-бардошли бўлиш келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади.
Мусулмон киши бошқа дин вакилларига ёмонлик қилмайди, улар билан яхши муомалада бўлади, яхши қўшничилик урф-одатларини сақлайди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Мумтаҳана сураси 8-оятида шундайь дейилган: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар«. Ушбу оят Ислом дини нақадар инсонпарвар ва бағрикенг эканининг ёрқин далили, бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни қайтармайди. Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний ақийдавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди, ораларини яқинлаштиради.
Ислом таълимотига кўра, бутун башарият жинси, ирқи, ранги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барчаси баробардир. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат, тақвода холос», деб марҳамат қилганлар.
Сирдарё вилояти ҳам кўп миллатлидир. Вилоятимизда 70 дан ортиқ миллат вакиллари тотувликда, ўзаро ҳурматда ҳаёт кечиришмоқда. Сирдарёнинг энг катта бойлиги шу ерда яшаётган фидоий инсонлардир. Сирдарё инжиқ табиатига қарамасдан, иродали ва энг муҳими меҳр–оқибатли инсонлар ватанига айланди. Сирдарёда инсонларнинг миллати, диний эътиқодидан қатъий назар ҳақиқий инсоний дўстлик муҳим аҳамиятга эга. Бизда инсонга унинг миллатига қараб эмас, авваламбор, унинг одамийлигига қараб баҳо беришади ва шунга қараб муносабатда бўлишади.
Бир вақтлар Мирзачўл бўлган бугунги Гулистон, том маънода, номига муносиб турли миллат вакиллари дўстлиги тимсолидир. Сирдарёда бугунги кунда истиқомат қилаётган миллатлар ўзларини ҳеч кимдан кам эмасликлари ва бу ерда ўзларини тўла ҳуқуқли деб ҳис қилишлари учун имкон даражасида шароитлар яратилган.
Кўп миллатли вилоятимиз аҳолиси ичида мусулмонлар, православлар, католиклар, яхудийлар, корейс-протестантлар, арман апостол черкови вакиллари ва бошқа конфессиялар аъзолари бўлиб, уларнинг диний эътиқодига ҳеч қандай монелик йўк, аксинча, уларнинг виждон эркинлигига доир хуқуқларидан фойдаланишлари учун қонун доирасида барча имкониятлар яратиб берилмокда.
Ўзини англаган, ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилган ҳар бир миллат ва элат вакили ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб, ижод этиб, ҳамиша эзгуликка, яхшиликка хизмат қилишга интилаверади.
Мўминжон УСМОНОВ
Гулистон шаҳар “Тавҳид”
жоме масжиди имом-хатиби.