Аллоҳ Таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъматлар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги ҳақида Қуръони Каримнинг бир қатор оятларида баён қилинган. “Агар Аллоҳнинг неъмат (лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…” (Наҳл, 18). Баъзи кишилар неъмат сўзинининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Масалан, бирор орзу-умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, катта мол-дунё, фарзанд, мансаб-мартаба ва шу каби орзу ҳаваслар. Лекин сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби инсоннинг ҳаётини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан бўлиб қолган табиий ҳолат деб биладилар. Ҳолбуки, буларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи “Мунъим”ни (яъни Аллоҳни) қадрига етиш ва шукрини адо этиш демакдир. Имом Термизий ривояти қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Шукри неъмат қилган кишиларга Аллоҳ таолонинг яна ҳам зиёда қилиб бериши, ношукрлик қилган кимсаларга эса Унинг қаттиқ азоби борлиги Қуръони каримда таъкидланган: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим,7).
Бугунги синовли кунларда барчамиз сабр-қаноатли бўлишимиз, тан-жонимиз соғлиги, оиламиз тинч эканлиги, юртимиз тинчлиги учун шукрона қилишимиз лозимдир. Айрим давлатлардаги нотинчлик, очарчилик, қирғинбаротлар, Худога беадад шукрки, бизнинг юртда йўқ. Аллоҳ таолонинг берган ризқи туфайли далаларимиздаги экинларимиз гуркириб ўсмоқда, ҳосиллар етиштирилиб, ўзимиздан ортганини бошқа давлатларга ҳам сотмоқдамиз, қийналганларга эҳсон қилмоқдамиз. Барча бугунги кун учун шукрона қилиш ҳар бир мусулмон бандасининг бурчидир. Лекин тўқликка шўхлик қилиб, Худо берган ризқига қаноат қилмай, турли қинғир йўлларга кириб кетаётганлар, хоинлик қилаётганлар, гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланаётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Уларга давлатимиз томонидан жазо муқаррардир. Лекин Аллоҳ таоло томонидан бериладиган жазо жуда ҳам қаттиқдир. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмаганлиги ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади: “Сўнгра ўша кунда (қиёматда) албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур,8).
Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукрини адо қилмоқ учун эҳтимол инсонниг умри камлик қилар, лекин ҳаётда шукроналик билан яшаш, ҳар бир куннинг шукрини қилиш, Худодан тинчлик, соғлик, фарзандлар бахти-камолини тилаш, берилган ризқ учун шукр қилиш билан албатта неъмат зиёда бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни доимо шукру неъмат қилиб яшашга муваффақ қилсин.
Охунжон ВОСИЕВ
Сайхунобод туман бош имом-хатиби.