Ислом динида қўшнилар хаққи

Муқаддас Ислом дини ҳар бир кишининг қалби уйғоқ бўлишини, у инсон сифатида Аллоҳ хақларининг ҳам, одамлар хақларининг ҳам риоясини қилиш ва барча амалларда меъёрда бўлишни ўргатади.

Инсон ўзи истиқомат қиладигон жойни обод тутиши, қўшнилар билан яхши муомалада бўлиши ва маҳалладан ажралмаган ҳолда яшаши лозим. Маҳалла деганда, инсон ўзи яшайдиган жойда одамлар билан, оиладан кейинги бирлигини тушуниши керак.   Шунинг учун мўмин киши маҳалладаги барча йиғинларда  иштирок этиш, маърака  ва маросимларда  қатнашиш, беморларнинг ҳолини сўраш, муҳтожлардан хабар олиш  ва  маҳалладошларини яхшиликка  чақириб, ёмонликдан қайтариб туриш  лозим. Шу каби хайрли ишларда одамлар билан бирга бўлиш динимиз таьлимотидан бўлиб аждодларимизнинг йўлларидир.      

Бу суҳбатимизда қўшнилар тўғрисида сўз юритамиз. Қўшниларга яхшилик қилиш, жамиятдаги инсоний алоқалар маҳалладаги қўшнилар орасида меҳру оқибатни  зиёда қилади. Оиланинг одобли бўлиши, эр-хотиннинг меҳру-мухаббатли, пири бадавлат бўлиб юришида қўни-қўшниларнинг, маҳалла-қуйнинг таъсири кучлидир. Ўғил- қизлар ҳаё ва ибони  ҳамда кийиниш маданиятни биринчи оилада, сўнг маҳаллада  ўрганадилар. Бордию маҳаллада ўғил – қизлар динимизга ва миллатимизга тўғри келмайдиган либосларни кийинишса қўшнилар бепарво бўлмасдан уларни кийиниш одобларни ўргатишлари лозим. Чунки доно халқимиздан “бир болага етти қўшни ота-онадир” деган мақол бор. Бу дегани болага ота-онадан ташқари, кўчадаги болага ҳар бир қўшни одобни ўргатиши, боладан  бирор хато ўтса , дарҳол унга танбеҳ бериб, тўғри йўлга солиши мумкин . Қўшничиликнинг ҳурмати тўғрисида кўплаб халқ мақоллари бор. Масалан “Қўшнинг тинч, сен тинч”, Ўзоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал” деган мақолларни келтириш мумкин. Қўшничилик Ислом динида ҳам қадрланади.

 Бу борада  Аллоҳ таоло Қурони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилингизлар ва унга хеч нарсани шерик қилмангизлар. Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар. Шунингдек, қариндошлар, етимлар, Мискинлар. Қариндош қўшни ва бегона қўшни. Ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир) га ва қулостингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчок кишиларни севмайди” (“нисо” сураси.36-оят).       Аллоҳ таоло  ушбу оятда  ўзига ибодат қилишга  амр этилгандан кейин бир неча  тоифа  одамларга яхшилик  қилишни биз мўминларга буюрилмокда .Улар, ота-оналар, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қўшнилар, ҳамрохлар, мусофирлар ва қўлостидаги кишилар. Бу ояти каримада қўшнига алоҳида эьтибор мавжуд, қўшнилар икки тоифага бўлиб зикр қилинди, қариндош қўшнилар ва қариндош бўлмаган қўшнилар, эьтибор беринг! Қўшнининг қариндошига ҳам , бегонасига ҳам бир мақомда  қараляпти.

Шариат бўйича ҳар бир оила учун ўнг, сўл, орқа ва олд  тамондаги қирқтадан хонадон , жами бир юз олтмиш хонадон қўшни мақомидадир. Бу хақда Расулуллоҳдан (с.а.в.) ҳадис ривоят қилинган бўлиб , уни Ибн Шиҳоб ва ал-Авзоъийлар тасдиқ қилганлар. Имом Молик эса, қўшничилик чегара билмайди, киши маҳалладан қанча кўп одамни таниса ва улар билан қўшничилик  муомаласини, одобни сақласа, хайр-саховатини, яхшиликни қилса, жоиздир, деганлар. Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган ҳадисларга эьтибор беринг, қўшнининг мусулмон ёки ғайри мусулмон, бошқа миллат вакили бўлиши ҳам фарқ қилинмаяпти. Қўшними, у қўшничилик ҳурматига сазовор. Бошқа қўшниларга қилинадиган мурувватга, инсоний муомалага  у ҳам ҳақдор. Бу ояту ҳадислардан шу нарса маьлум бўладиким инсон қўшнисининг миллати ва динидан қатъи назар унга яхшилик қилиши лозим.                                                                Чунки қўшниларга яхшилик қилишни пайгамбаримиз (с.а.в.) биз уммати Исломга буюрганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.):  “Жаброил (а.с.) менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия берардики , ҳатто яқинда уни меросга ҳам шерик экани ҳақида ваҳий олиб келса  керак , деб уйлаб қолдим”, деганлар (муттафақун алайҳ). Бундан маълум бўладиким қўшниларга яхшилик қилиш ва уларнинг ҳаққига риоя қилиш  савобли ишлардан бўлиб ҳар бир мўмин киши унга амалқилиши керак. Бизнинг мамлакатимизда аждодларимиз  қадимдан бу таьлимотларига амал қилиб келишади. Ота-боболаримиз келинларимизга, ўғил-қизларимизга насиҳат қилиш пайтида,   уйингда таом пиширсанг қўшнингни унутма, бир коса унга ҳам бер,  нон ёпсанг иккитасини қўшнинга бер деб қўшниларга мурувват қилишни ўргатадилар.

Абу Зарр Ғифорий (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Абу Зарр, шўрва пиширсанг сувини кўпрок қуй, қўшнингни ҳам бир косаси билан йўқлайсан”, деганлар (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад”).  Бу каби насиҳатларига Ачиқ бўлса ҳам айтамиз айрим кишилар амал қилишмияпди. Биз ота-оналар,  маҳалла фаъоллари ва имомлар маҳаллада барча яшайдиган одамларга ҳусусан ёшларни қўшнилар билан яхши муомалада бўлиб уларга мурувват кўрсатиш динимиз таьлимотларига ва миллий урф-одатларимизга амал қилишдир деб ўқтиришимиз керак. Маҳаллада қўни-қўшнилар яхши-ёмон кунларда, қувончли тўйларда, бошга ўлим мусибати тушган оғир дамларда қўнингизга биринчи бўлиб ярайдилар.

Абу Бакр ал-Баззор  (р.х.) Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: ”Қўшнилар уч ҳил бўладилар. Биринчиси  битта  ҳақга эга бўлиб, бошқаларга қараганда  энг оз ҳаққа эга қўшнидир. Иккинчиси, иккита ҳаққи бор қўшни. Учинчиси, учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик (кофир) қўшнидир. Унинг фақат қўшнилик ҳаққи бор. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмонлик ва қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон, қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳаққи бордир”.

Ушбу  ҳадисдан  қўшнилар уч хил эканлиги маълум  бўлди, мусулмон киши ўзига  қўшни бўлганларга, уларнинг дини, миллати ва насабига  қарамасдан  яхши  муомалада бўлиши лозим. Бу сўзларимизни қувватлаш учун ушбу  ҳадисни мисол келтирамиз. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Кимки Аллоҳга  ва охират  қўнига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин”(муттафақун алайҳ). Инсон уз қўшнисига озор бермаса, унинг ҳақида ғийбат қилмаса, агар қўлидан келса унга яхшилик қилса имони зиёда бўлади. Аксинча, қўшнисига ёмонлик қилса бу қилмиши имонига зарар етказади. Абу Шурайхдан (р.а.) ривоят қилинди: ”Расулуллоҳ (с.а.в.) бир кун чиқиб келдилар ва шу сўзни такрорлардилар: ”Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди”. “Эй Аллоҳнинг Расули, ким мўмин бўлмайди?” дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ёмонликларидан қўшниси тинч бўлмаган одам!”, деб жавоб бердилар”. Имом Термизий (р.х.) Абдуллоҳ ибни Умар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.):  “Аллоҳни ҳузурида дўсларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилиқ қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси қўшнисига яхшилиқ қилганидир” деганлар. Демак инсон ўзи яшайдигон маҳалласидаги қўшни ва дўстларига яхшилик қилса , Аллоҳни хузурдаги яхши дўст ва яхши қўшни деган мартабага эга бўлади.

Ҳурматли азизлар қўшнилар билан биргаликда маҳаллада бирор оиланинг фарзанди ота-онасига бўйинсунмаяпти ёки жиноят кўчасига кириб кетиш эхтимоли бор, бирор норасмий оқимга аъзо бўлиб, ота-онаси, маҳалласи, қўшнилари, қариндошлари, ватандошлари юзига оёк қўймокчи. Шу маҳалланинг зиёлилари, дин пешволари ўша хонадонга кириб, амри маьруф, панд-насиҳатлар билан жиноятчи ёки ақидапарастлик кўчасига кирмоқчи бўлган болани ёмон йўлдан қайтаришга ёрдам беришлари лозим.

Муборак ҳадислардан шу нарса маълум бўладиким ҳар бир инсон ўзи яшайдиган жойда маҳалладаги барча ишларида одамлар билан аралашиб, имконияти борича атрофдагиларга яхшилик қилиши лозим бўлади. Бордию жамоатчилик ишларида фаъол бўлиб уларнинг яхши ишларида ёрдам  бериш баробарида айрим кишилардан  келадиган азият ва озорларга сабр қилиш  мўмин кишининг мартабасини юксалтиради. Аксинча, шундай  кишиларнинг ёмон муомалаларига жоҳилона жавоб кайтариш  нотўғридир. Бу хусусида  Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Одамларга аралашиб юриб, уларнинг озорларига сабр қилувчи  мўмин киши одамларга аралашмайдиган ва улардан етган озорларга сабр қилмайдиган мўминдан афзалдир”(Имом Ахмад ва Имом Термизий ривояти).

Маҳалланинг кучи қўшниларнинг бирликда, хушёрликда, огоҳликдадир. Одамларга озор бермайдиган, қўшниларни ҳаққига риоя қиладиган мўминлардан бўлишимизни Аллоҳ таоло насиб этсин. Суҳбатимни бир ривоят билан тугатаман.

Салафи солиҳлардан бири одамлар билан ўтирганларида бир киши келиб: “Фалон шаҳардаги фалончи улуғ одам экан . У сув устида  юрар эмиш”- деди. Шунда у киши:  “Сув устида юрадиган одамга ажабланманг.Чунки ўрдак ва балиқ ҳам сувда юра олади”-деб жавоб бердилар. Бошқа бир одам келиб: “Фалон шаҳардаги  фалончи буюк одам экан. У ҳавода учар эмиш”-деди. Шунда у зот: ”Ҳавода учадиган одамга ажабланманг.  Чунки қуш ҳам хавода уча  олади”-деб жавоб бердилар. Шунда одамлар ҳайрон бўлиб: “Сувда  юриш  ва хавода учиш каби кароматли ишлар аҳамиятсиз бўлса, сизнингча инсон качон  камолотга  эришган  хисобланади?”-деб  сурадилар. У  зот  эса:

“Зоҳирингда  халқ (одамлар) билан бирга бўлишинг, ботинингда   Ҳақ  (Аллоҳ) билан бирга бўлишинг ҳақиқий камолотдир”-деб жавоб бердилар.                                                                            

Аминжон Исмоилов
Сирдарё туман бош имом-хатиби                       

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan