Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай марҳамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, ютуққа эришсангиз. ( Оли Имрон сураси 200-оят).
Аллох таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат булишган. Энг суюкли фарзандидан айрилган Яьқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, хўрлаш-қийноқкларга дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўларок тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам барча элчиларини ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.
Ва яна Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор”. (Ҳуд сураси 11-оят).
Сабр-нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайгамбаримиз (с.а.в.) сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сакланишда чидам ва мусибат-машаққатларга чидамга буюрганлар. Ҳадиси шарифда: «Сабр имоннинг ярмидир», дейилган. Ақлли бандалар Аллоҳ таоло розилигини умид этиб сабр қиладилар, чунки сабр учун катта ажр-мукофотлар ваъда қилинган.
Аллоҳ таоло ҳам сабрлиларни яхши кўради. ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади; “Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр килса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳлардан пок бўлиб туради.”
Имом Мусоҳибий: «Неьматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр қилиш билан бўлади. Балолар ҳам бир мехмон, уларни иззат- икром қилиш эса сабр билан бўлади», деган. Сабр иймоннинг бошидир. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган; «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади».
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг собир, яьни сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутгувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига ажр-мукофотларини ато этсин.
Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ
Сардоба тумани “Янгиқишлоқ”
жоме масжиди имоми