Асҳоби киромнинг барчаси теран олим, мужтаҳид эдилар. Ҳар бири дин илмларида, сиёсат, идора ва замонларининг фан илмларида ҳамда тасаввуф маърифатларида гўёки дарё эдилар. Бу илмларнинг ҳаммасини Расулуллоҳнинг қалбларга зиё бўлган, руҳларга даво бўлган сўзларини эшитиш билан оз вақтда қўлга киритдилар. Ҳар бирининг алоҳида мазҳаби бор эди. Мазҳаблари бир-бирларидан оз ёки кўп фарқ қиларди. Тобеиннинг ва таба тобеиннинг орасида ҳам мужтаҳидлар бор эди.
Саҳобалардан бўлган мужтаҳидларни баъзи уламолар ўз китобларида санаб чиққан. Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ «Эъломул муваққиъин» китобида айтади: «Фатво берган саҳобий ва саҳобияларнинг сони бир юзи ўттиздан ошиқ бўлиб, уларнинг орасидан еттитаси кўп фатво айтган. Улар: Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳум)лар.»
Саҳобалар, тобеинлардан кейин келган мужтаҳидлар ҳам кўп бўлган. Лекин улардан тўрттасини мазҳаби ёйилиб, қолганлари вақт ўтиши билан секин аста йўқолиб борган.
Бу тўрт мазҳабнинг имонлари Асҳоби киромнинг имонлари билан бирдек эди. Шунинг учун тўрттасига ҳам аҳли суннат дейилади. Имонлари орасидаги асосда фарқ йўқ. Бир-бирларини дин биродарлари деб билишади. Бир-бирларига мос келмаган ишларида зарурат туғилса, бир-бирларига тақлид ҳам қиладилар. Аллоҳ таоло мазҳабларнинг мана шундай алоҳида ва фарқли бўлишини истаганди. Бу фарқлиликнинг мусулмонларга Аллоҳу таолонинг раҳмати эканлигини, Жаноби Пайғамбаримиз хабар бергандилар. Чунки тўрт мазҳаб орасидаги майда-чуйда ўзгачаликлар мусулмонларнинг ишларини осонлаштирмоқда. Ҳар бир мусулмон шароитига, яшайдиган жойининг иқлимига қараб ўзига қулай бўлган мазҳабни танлайди. Ибодатларини ва ҳар ишини ўша мазҳабнинг ҳукмларига мослаб бажаради. Агар Аллоҳу таоло хоҳласа, Қуръони каримда ҳамма нарсани очиқ-ойдин билдирарди. Мана шу тариқа битта манбадан фарқли ҳукмлар чиқарилиб, амалда фарқли мазҳаблар ҳам ҳосил бўлмасди. Қиёматгача дунёнинг барча жойида ҳар қанақа иқлим ва шароитда ҳар бир мусулмон учун ягона низом бўларди. Мусулмонларнинг ҳоллари, яшашлари қийинроқ бўларди.
Жаноби Пайғамбаримизнинг йўли Қуръони карим орқали, ҳадиси шарифлар орқали ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари орқали кўрсатилган йўлдир. Бу уч васиқа (ҳужжат) билан бирга шариатда «ижмо-и уммат» деган тўртинчи далил ҳам бор бўлиб, бу Асҳоби киромнинг ва Тобеиннинг иттифоқи (сўз бирлиги) экани “Радд-ул мухтор”да ёзилган.
“Бир ҳукм устида тўрт мазҳабнинг ижтиҳодлари орасида ижмо ҳосил бўлса, бу ижмога ҳам имон келтириш керак, ишонмаган одам куфрга тушади.” (Мактубот, 2/36)
Ислом олимлари нотўғри нарса устида иттифоқ қилишмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Умматим залолат (адашган, нотўғри фикр) устида бирлашмайди.” (Аҳмад ривояти).
Мазҳаб ва раҳмат Аллоҳ таоло ва Расули мўминларга марҳамат қилганликлари учун баъзи ишларнинг қандай бажарилишини Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча билдиришмади. Агар очиқча билдирилганида, айнан шундай бажариш фарз ёки суннат бўларди. Фарзни бажармаганлар гуноҳкор, эътибор бермаганлар эса кофир бўлишарди. Мўминларнинг ҳоллари қийин кечарди. Аллоҳ ва Расули меҳрибонликлари туфайли баъзи буйруқларини усти ёпиқ ҳолда беришди. Бундай ишларни очиқча билдирилган буйруқларга ўхшатиб, қиёслаб бажариш лозим бўлди. Дин олимлари орасида ишларнинг қандай бажарилишини мана шундай қиёслаб тушуна олганларига «мужтаҳид» дейилади.
Буюк олим Ибни Амир Ҳаж “Таҳрир” шарҳида “Бир мужтаҳиднинг сўзи билан амал қилинади, лекин эҳтиёж бўлганда бошқа бир мужтаҳидни тақлид қилиш мумкин” деб ёзган. (Радд-ул мухтор)
“Бир ишни ва бунга боғлиқ бўлган ишларни бир мазҳабга кўра бажараётганда бу мазҳабни тарк этиш иттифоқ билан тақиқланган.” (Таҳрир-ул-усул, Мухтасар-ул-усул, Дурр-ул мухтор)
“Ҳар бир мусулмоннинг ибодат қилаётганида ва ҳаромдан сақланаётганида ўз мазҳабининг ҳукмларига тобе бўлиши лозим.”(Саодати абадия)
“Мужтаҳид бўлмаган бир олимнинг тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиши вожиб. Тақлид қилмаса, тўғри йўлдан адашади. Бошқаларни ҳам адаштиради.” (Мезон-и кубро)
“Мужтаҳид бўлмаган кишининг мазҳаб ўзгартириши жоиз эмас. Бир мазҳабга тақлид қилиши лозим.” (Радд-ул мухтор)
“Бир кишининг ўз мазҳабини тарк этиши жоиз эмаслиги иттифоқ билан билдирилган.” (Таҳрир)
“Тўрт мазҳабдан бирида бўлган киши Аллоҳу таолонинг амрига амал қилган бўлади.” (Жавҳара шарҳи)
Ҳар мазҳабнинг қулайликларини тўплаб, бу билан амал қилишга «талфиқ» дейилади. Бундай қилган киши фосиқ бўлади. “Тахтавий шарҳи” буни атрофлича тушунтирган.» (Мухтасар-и виқоя шарҳи)
Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Бир ояти каримада “Биладиганлардан сўранг!” деб буюрилди. Шунинг учун мужтаҳиддан сўраш, бир мазҳабга тобе бўлиш вожиб бўлди.”
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби.