Ёт ғоялардан сақланинг: “Оммавий маданият” хатари

Ҳозирги кунда миллатимиз маънавиятига хавф солаётган таҳдидлардан бири бу “оммавий маданият”дир. Оммавий маданият четдан кириб келаётган миллий ва диний қарашларимизга ёт маънавий ва ахлоқий иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндисидир.

Оммавий маданият жанридаги ижодий асарлар (кино, мусиқа, мода) ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарғиб қилади.

Оммавий маданият барча халқларнинг энг катта бойлиги бўлган ёшларни ўзига қаратиб, уларни маънавий қарашларни менсимасликка ундайди. Бундан ташқари ёшларни енгил ҳаётга чақириб, масъулиятсиз руҳда вояга етишига сабабчи бўлади. Хусусан, ёшлар онгида телесериал ёки видеофилмдаги бош қаҳрамонларнинг маст қилувчи ичимликлар ичиши, чекиши, муштумзўрлиги, ахлоқий меъёрларни менсимаслиги билан ўта салбий таъсир ўтказади.

Оммавий маданиятни тарғиб қилаётганлар ҳаётга бир марта келасан, бу ҳаётда хоҳлаганингча яша, қийинчиликларга қўл силта, биз билан бўл, бахтли бўласан, деб даъват қиладию, улар ҳаётда барча ишларни қилиш мумкин, имкон топсанг бас, деб уқтиришади. Албатта инсоннинг нафсига енгиллик, хоҳлаган ишини қилиш ёқади. Кўплаб ёшларни оммавий маданиятга эргашиб кетаётганининг сабаби ҳам шунда.

Ҳар замонда бузуқликни, фахшни, бехаёликни ҳар хил номлар, ялтироқ шиорлар билан оқлашга интиладиган, тарғиб қиладиган ахлоқсиз тоифалар  чиқиб турган. Бундай бузуқликларни Ислом дини доимо қоралаб келган. Пайгамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг “Ким қайси қавмга ўхшашга интилса, қиёмат кунида ўша қавмдан бўлиб тирилади” – деган маънодаги ҳадиси шарифлари бор.

Динимиз инсоният ҳаётига таҳдид қиладиган барча ишларни ман қилган. Нафс бир ишга ружуъ қўйса, чегара билмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига шариатни юбориб, нафсни жиловлашни буюрган ва унга баъзи ишларда чегарани белгилаб қўйган. Агар инсон ушбу чегаралардан ўтиб кетадиган бўлса, ўзи учун зулм қилган бўлади ва Аллоҳ таолога осий бўлади. Оммавий маданият инсонларни ўша чегараларни бузиб ўтишга ундайди. Ҳаром ишларни кишиларга гўзал қилиб кўрсатади. Аллоҳ таоло бузуқлик ва фаҳш ишлардан қайтариб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Роббим ошкора ва яширин фаҳш ишларни ҳаром қилди” (Аъроф сураси 34-оят).

Аллоҳ таоло жамиятни бузилишига олиб келадиган зинони ва унга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилгандир. Оятларда зинога яқинлашмасликка буюрилиб, унга олиб борадиган барча ишлардан ҳам қайтарилади. Демак, оммавий маданият каби бузуқликни тарғиб қилаётган иллатлардан четда бўлиш ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги вазифаси экан.

“Ҳаё иймондандир”, дейилган ҳадиси шарифларда. Динимиз ҳаёни иймон даражасига кўтарган бир ўринда, барча мўмин кишилар оммавий маданият каби ахлоқсизликлардан четда бўлиши, фарзандлари, дўст-у биродарларини ҳам бу ишлардан огоҳлантириши лозим бўлади.

 

Искандар НАРЗИЕВ
Гулистон тумани “Акбарали ота”
жоме масжиди имом–хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan