Исмлари Абдул Каъба бўлган бу зот Ислом дини билан шарафланганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абдурраҳмон исмини бердилар. Буғдойранг, узун бўйли, баҳайбат жуссали, ҳалим бу зот насаб жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош эди. У ўн етти ёшида Исломни қабул қилди. Пайғамбаримиз Абдурраҳмон ибн Авфнинг дуолари ижобат бўлишини сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилган эдилар. Шу боис у кимнинг ҳақига дуо қилса, мутлақо мустажоб бўларди. Уҳуд ғазотида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида парвона бўлиб, у зоти муборакни ҳимоя қилган ва оёғидан қаттиқ яраланган эди. Шу сабабли бир оз оқсоқланиб юрарди. Инсонларга меҳр-шафқатли, қўли очиқ, хокисор ва юмшоқ табиатли инсон эди. Тижорат билан шуғулланар, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалиги вақтида қўмондон бўлган эди. Исломиятнинг ёйилиши ва ривожи йўлида хизмати улуғ бўлган бу зот ҳазрат Умарнинг шаҳодати туфайли йиғилган кенгашнинг олти нафар аъзосидан бири бўлди. Саксон икки ёшида Мадинаи мунавварада вафот этди.
Аҳмедов Ориф
Сирдарё вилояти вакиллиги ходими