– Амал нима?
– Банданинг ҳаётда қилган ишлари.
– Исломда банданинг амали неча қисмга бўлинади?
– Ҳаммаси саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси – суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. Бешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси – макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ. Ушбу саккиз қисм амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Яна айримларини қилиш-қилмаслик ихтиёрий.
– ФАРЗ қандай амал?
– Фарз Аллоҳ таоло буюрган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Узрсиз бажармаган киши гуноҳкор бўлади. Унинг зарурлигига ишонмаган киши эса кофир ва имонсиз саналади.
– Фарз амали қайси ҳолатларда кўринади?
– Аллоҳ таолога имон келтириш, Ислом динидаги беш вақт намозни ўқиш, рамазон ойида ҳар куни рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж қилиш.
– ВОЖИБ қандай амал?
– Вожиб – Ислом динида бажарилиши шарт бўлган амал. Уни бажарган киши савоб олади, бажармаганлар гуноҳкор бўлади. Вожиб амалга ишонмаган киши кофир ва имонсиз бўлмаса ҳам, катта гуноҳга ботади.
– Қандай амаллар вожиб амалга киради?
– Витр намозини ўқиш, ҳайит намозларини ўқиш, садақа ва фитр бериш, қурбонлик сўйиш, Қуръондан сажда оятлари ўқилган пайтда сажда қилиш кабилар.
– СУННАТ қандай амал?
– Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қилган амаллари. Суннат амалини қилган киши савоб топади. Қилмаган киши гуноҳкор бўлмаса-да, қиёмат куни маломатга қолади, Пайғамбаримиз шафоатларига лойиқ бўлмайди.
– Суннат амали нималарда кўринади?
– Яхши ишларни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», дея бошлаш, мўмин кишиларга салом бериш, Қуръон ўқишни «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим» сўзлари билан бошлаш сингари амаллардир.
– МУСТАҲАБ қандай амал?
– Мустаҳаб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом баъзан бажарган ва баъзан бажаришни лозим кўрмаган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Аммо қилмаса, гуноҳкор бўлмайди. Қиёмат куни азоб ва маломатга ҳам қолмайди.
– Мустаҳаб амалига қандай юмушлар киради?
– Нафл намоз ўқиш ва нафл рўза тутиш, нафл садақа бериш ва доим таҳоратли юриш кабилар.
– МУБОҲ қандай амал?
– Мубоҳ шундай амалки, қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир.
– Қанақа амаллар мубоҳга мисол бўлади?
– Ҳалол таомларни ейиш, ҳалол ичимликларни ичиш, ўтириш, туриш, юриш ва зарарсиз сўзларни сўзлаш.
– ҲАРОМ қандай амалдир?
– Ҳаром Ислом динида қатъий таъқиқланган амалдир. Уни қилган киши қаттиқ гуноҳга ботади, уни ҳалол, дегувчилар кофир ва имонсиз ҳисобланади.
– Қандай ишлар ҳаром қилинган?
– Ноҳақ одам ўлдириш, одамзотга ва ҳайвонотга зулм қилиш, ғийбат қилиш, ўғирлик, ёлғончилик, ароқхўрлик ва зинокорлик каби ишлар.
– МАКРУҲ қандай амал?
– Макруҳ Ислом дини таъқиқлаган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади, қилган киши эса азобланиши мумкин. Уни қилган киши кофир бўлмаса-да, гуноҳга ботади.
– Макруҳ амали нималарда кўринади?
– Масжидга туфлаш, (фаҳш) нағмаларга қулоқ солиш, одобсиз шеърларни куйлаб ҳофизлик қилиш, одамлар ичида масхарабозлик қилиш, уятсиз шеърларни битиш кабилар макруҳ амаллардир.
– МУСТАКРАҲ қандай амал?
– Мустакраҳ шундай амалки, уни қилгандан кўра қилмаган яхшироқдир. Қилган киши гуноҳкор саналмаса-да, одобсиз бўлади. Қиёматда азобга қолиши мумкин.
– Мустакраҳга қандай амаллар киради?
– Таомни катта-катта ейиш, бозорда, кўчада овқатланиш, баланд овоз билан кекириш ва ҳайқириб эснаш кабилар.
Ибодати исломия китобидан
Сирдарё вилояти вакиллиги ходими
Аҳмедов Ориф тайёрлади