Инсоний фазилатлар ва гўзал хулқлардан бири қаноатдир. Уламолар уни шундай таърифлайдилар: қаноат – ўзидаги неъматга шукр қилиш, бошига тушган мусибат, қашшоқлик ва қийинчиликларга сабр-бардошли бўлиш. Қаноат Аллоҳ таолонинг тақдироти ва тақсимотига розиликдан пайдо бўлувчи кўнгил бойлиги бўлиб, у ҳасад, тама, очкўзлик, адоват, бахиллик каби иллатларнинг шифосидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизлар қаноатни ўзингизга лозим тутинг. Чунки, қаноат туганмас бойликдир», дедилар.
Бошқа муборак ҳадисда эса бундай дейилган: «Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки, (ҳақиқий) бойлик кўнгил бойлигидир».
Муҳаммад Ҳусайн айтади: «Қаноат ақлли одамларнинг фазилатидир. Аммо қаноат ризқ қидириш ва касб билан шуғулланишдан тийилиш дегани эмас. Балки, касб туфайли топган нарсасига шукр қилиш ва ортиқчасига интилмасликдир». Бунинг боисини англаш учун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу сўзларига қулоқ тутишимиз лозим:
“Бирор кун йўқки, бир фаришта: «Эй Одам боласи, сенга кифоя қиладиган оз нарса сени туғёнга кетказадиган кўп нарсадан яхшироқдир», дея нидо қилмаса”.
Қаноатли инсон умри мобайнида доимо бахтиёрликни ҳис этиб яшайди. Шу билан бирга, бошқаларга ҳам яхши муомалада бўлади, уларни ҳам ўзи каби шодлик сари етаклайди. Шунинг учун қаноатли кишини барча ҳурмат қилади.
Ҳакимлардан бири айтди: «Одамлар ичида энг узоқ ғам-андуҳ чекувчи кимса ҳасадчи эканини, ҳаёти энг бахтиёр кечувчи киши эса қаноатли инсон эканини кўрдим».
Муҳаммад Зеҳний шундай ёзади: «Қаноат нима?» деб сўрадилар. Жавоб бериб айтилди: «Бировларнинг қўлидаги нарсани кўриб маъюс бўлмаслик ва тамагирликдан қочиш. Чунки, тамагирлик, албатта, камбағаллик сари етаклайди».
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, юртимиз тинч, ҳаётимиз осуда ва фаровон бўлишига қарамасдан, бугунги кунда жамиятимизда турли ҳуқуқбузарликларнинг содир бўлиши, ёшлар орасида жиноятчиликнинг ортиб бориши, шунингдек, оилавий келишмовчиликлар ва ажримларнинг кўпайиши аксар ҳолларда қаноатсизликдан келиб чиқаётгани бор ҳақиқат. Демак, ана шундай нохушликларнинг муолажаси ва олдини олиш чорасини қаноат деб аталмиш кўнгил бойлигини ҳосил қилишдан излашимиз зарур.
Ҳидоятулло ИСАЕВ
Янгиер шаҳар бош имом-хатиби