Ислом дини инсоннинг дини, жони, ақли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Шариатимизда барча маст қилувчи моддалар, жумладан, гиёҳванд моддалар ҳам ҳаром қилинган. Зеро, гиёҳвандлик инсоннинг дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига зарар берувчи, уни хорликка етакловчи офатдир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: «У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади», дея марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром», дейилган (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни инсон қилиб яратди. Инсонлар орасида мусулмон қилди. Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш бахтини насиб этди, барча нозу-неъматларни зиёда қилиб берди. Бугун юртимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ривожланган давлатлар ҳам Ўзбекистонимизга ҳавас билан боқмоқда. Лекин шундай бўлса-да, орамизда гиёҳвандлик иллатига мубтало бўлган айрим кимсаларнинг учраб тургани ачинарли ҳол.
Аср вабоси бўлмиш гиёҳвандлик балоси ҳозирги кунда дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Аввало, муқаддас динимиз таълимотларида инсониятга фойдали бўлган барча яхшиликлар ҳалол қилинди. Инсонни ақлига, соғлиғига ва мол-мулкига зарар қиладиган барча нарсаларни ҳаром деб айтилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром», деб айтиб ўтганлар.
Гиёҳвандлик инсон ҳаётининг барча соҳаларига, соғлиғига, оиласига, иқтисодига, одоб-ахлоқига таҳдид солиб, уни икки дунёда хору зор қилади. Бу иллатга мубтало бўлган инсонларнинг орзулари армонга, ҳаётлари зимистонга, гулдек умрлари эса хазонга айлана бошлайди.
Шайх Санъонийнинг машҳур «Субулус-Салом» номли китобларида: «Нима бўлса ҳам, маст қилувчи нарса ҳаромдир. Агар нашага ўхшаш ичилмайдиган нарса бўлса ҳам», деганлар. Шундай экан, гиёҳвандликка аралашиб қолишдан, уни истеъмол қилиб, икки дунёда хор бўлишдан сақланайлик. Инсоннинг ўз жонига қасд қилмоғи бир ҳалокат бўлса, гиёҳвандлик ҳам худди шундай ҳалокатга инсониятни жар ёқасига олиб келадиган иллатдир.
Ҳар бир ота-она фарзандининг тарбиясига масъулдир. Улар фарзандларини қаерда юрганини, дўстлари кимлигини, қандай юриб, кимлар билан мулоқот қилаётганлигини назорат қилишлари керак.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлидан адаштирмасин. Нафс қули бўлиб қолишдан асрасин!
Ўктам Давлатов
Гулистон тумани “Хазрати Умар”
жоме масжиди имом-хатиби