Мазҳабсизлик – очиқ залолат

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби олимлари қадимдан камтар бўлишган. Мақтанишни ҳам ўзларига эп кўришмаган. Шунинг учун бўлса керак, ҳозирда баъзи бемазҳабларнинг мақтанчоқликлари, ўзлари «олим» деб билган уч-тўрт кишини осмонга кўтариб, мақташлари бу ҳақиқатни билганлар учун жуда эриш туюлади. Шу билан бирга мазкур сохта мақтовларга алданиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Аслида мусулмон умматининг ҳақиқий имомлари ва буюк алломалари Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бўлиб, уларнинг илми, тақвоси ва ҳаёт йўллари билан танишган киши бу ҳақиқатни англайверади.

Мазҳабсизлик даъвосининг ҳақиқатига ҳаётий мисоллар билан назар ташлайлик.

Ҳамма одамларни уй-жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг ҳизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади?

Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади?

Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахассисларига эргашишдан уларнинг билим ва маҳоратларидан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади?

Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахассисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ишларнинг барчасида ўзлари изланиб, ихтиролар қилишга чақирсак, кейин одамлар ушбу даъватга эргашса нима бўлади?

Албатта бу ишлар орқасидан чиқадиган нарса бу шубҳасиз тамаддунни барбод қиладиган бошбошдоқликдир. Бу ҳақиқатни ҳаттоки ёш бола ҳам билади. Қурилиш, тиббиёт, ишлаб чиқариш соҳаларида бу қанчалик мантиқсиз фикр бўлса, инсоннинг дунё ва охират ҳаётига оид дин соҳасида ҳам ўтган уламоларнинг илми, тажрибаси ва йўлларидан фойдаланиш ҳаётий заруратдир. Уларнинг йўлларидан воз кечиб, яна янгидан йўл очиш эса, айни мазҳабсизликдир. Мазҳабсизлик эса айни залолатдир.

Аслиддин АБДУКАРИМОВ
Гулистон тумани “Усмон ота”
масжиди имом-хатиби

           

           

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan