Мазҳабсизлик – шариатимизга таҳдид соладиган хатарли офат. Бу борада сўз юритар эканмиз, аввало, “мазҳаб” сўзининг маъносини аниқлаштириб олмоғимиз зарур. “Мазҳаб” сўзи араб тилидаги “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир.
Ўтган аср сўнггида дунё юзида исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир қатлами пайдо бўлдики, у – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.
Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Ушбу тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақат Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди. Қолаверса, уларнинг наздида исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлгани боис бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиб, бирлигига раҳна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда. Аслида-чи?!
Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари йўқлигини билдиради.
Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: Мазҳабсизлик диндан чиқаришга олиб борадиган кўприкдир; деганлар.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳар ким ўз бошимча ҳукм чиқариши мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни қайси жойда бўлишидан қатъий назар, хукуматга қарши чиқиш) дахшат солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.
Халқимиз ўз мустақиллигини қўлага киритганидан кейин динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний-маърифий сохаларда турли давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри, аммо зоҳирада гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришди. Халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини нотўғрига чиқаришди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Ўртада низо, тортишув юз берди.
Ҳозирги кунда ҳам бу куч ғояларга алданиб қолган кишилар мавжуд, эканлиги бу ғоянинг асл моҳиятини очиб бериш шу йўл билан мазҳабсизликка чек қўйиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Шу билан бирга Ислом дунёсида тан олинган мазҳабларнинг асл моҳияти хусусан халқимиз амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини халқимизга тушунтириб бориш ҳам зарур.
Шаҳобиддин АЛИБЕКОВ
Сайхунобод тумани “Нуширавон”
жоме масжиди имом-хатиби