Кимнинг гапи кўпайса – хатоси ҳам кўпаяди

Тириклигидаёқ жаннатийлиги башорат берилган ҳамда жаннатдан умидвор мўминларга ҳаёти ва насиҳатлари ибратга тўла бўлган улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) шундай дейди: “Кимнинг гапи кўпайса, унинг хатоси, тойилиши кўпаяди. Кимнинг тойилиши кўпайса, гуноҳи кўпаяди. Кимнинг гуноҳи кўпайса, у дўзахга мустаҳиқ бўлади”.

Қуръони каримда инсоннинг ўнг ва чап тарафида икки фаришта жойлашгани, улар инсон томонидан қилинган ҳар амални, ҳатто талаффуз қилган сўзларни ҳам ёзиб боришга вакил қилингани хабар берилган. “Инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимага васваса қилишини ҳам биламиз ва Биз унга жон томиридан ҳам яқиндирмиз. Ўнг ва чапда ўтирган ҳолларида икки қабул қилувчи у талаффуз қилган ҳар бир сўзни ёзиб борувчи фаришта ҳозиру нозирдир” (Қоф сураси, 16-18 оят).

Улуғларимиз тилни сақлашга ва уни назорат қилишга қаттиқ эътибор қилишган. Зеро Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Муоз ибн Жабалга (розияллоҳу анҳу) тилни асрашга насиҳат қилиб: “Сени онанг йўқоткур, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!” – деб таъкидлаганлар. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, фақат яхшиликни сўзласин ёки сукут қилсин”, дейилган.

Тилингни асрагин – омондир бошинг, дейди доно халқимиз. Оилада, маҳаллада, иш жойида ва дўстлар даврасида бўлганда ҳам оғзимиздан чиқаётган сўзларга эътибор берайлик. Икки томонимиздаги фаришталар ҳар бир сўзимизни ёзиб бормоқда. Маъруф Кархий айтадилар: “Банданинг беҳуда сўзларни гапириши уни Аллоҳнинг марҳаматидан бенасиб қилади”. Аллоҳни доим зикр қилиб, фақат яхши сўзлар билан муомала қилиш инсонни дунё ва охиратда мартабасини кўтаради.

Аллоҳ таоло тилларимиз ва дилларимизни ислоҳ қилишга ёрдам берсин!

 

Валижон ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan