Умр инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг азиз неъмат. Ёшлик эса умрнинг беғубор, куч-ғайратга тўлган даври. Бу даврни инсон боласи ғанимат билиб, Роббисини танишга, унинг амрларига бўйинсунишга, Аллоҳнинг тоатида бўлишга шошилмоғи лозим. Буларга албатта илм ўрганиш орқали етишилади. Доно халқимизнинг “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш”, “Бешикдан то қабргача илм изла” каби мақоллари айни илм ўрганишни тарғиб этишга қаратилган десак ҳеч муболаға бўлмас. Зеро илм олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради” , – деб айтган ҳадислари айни бугунги кунимиз учун айтилгандек. ХХIаср ахборот ва технологиялар асри ҳисобланади. Бугунги глобаллашув жараёнида интернет инсон ҳаётидан чуқур жой олди. Унга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар бир нарсанинг бир яхши томони бўлгани каби, бу интернет тармоғининг зарарлари ҳам талайгина. Хусусан айрим манфур кимсалар интернет тармоқларидан “қурол” сифатида фойдаланиб, маънавияти тўла қонли шаклланмаган ғўр ёшларимиз онгини ёт ғоялари ила заҳарлаш йўлида фойдаланиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш бунга нима сабаб? Оилада фарзанд тарбиясида лоқайдликка йўл кўйиш, китоб ва газета журналлар мутолаасига бўлган бефарқлик, илм ўрганишга бўлган иштиёқнинг пастлиги, хаёлпарастлик инсон маънавиятининг тўла қонли ривожланишига монелик қилади. Айни мана шун каби ёшлар манфур кимсаларнинг тузоғига тушуб, ҳар хил бузғунчи оқимларга кириб қолишига замин яратади. Ёшларимизни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръони Карим оятларидан ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан кенг фойдаланиш, ислом динига экстримизм, тероризмнинг мутлақо даҳли йўқлигини тушунтириш, ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима солишни, бегуноҳ инсонлар қонини тўкишни ва ҳатто бир инсон иккинчи инсоннинг обрўсигада раҳна солиши қаттиқ қораланишини англатмоқ даркор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хитоб қилиб биз бандаларига шундай дейди: Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар. Ер юзида бузғунчилик устига бузғунчилик қилманглар. (Бақара,60).
Бугунги кунда ёшларимиз дангасалик қилмай, интернет тармоқлари орқали ҳар турфа маълумотларга таянмай, Қуръони Карим, Ҳадиси шариф ва ақида илмларига оид китоблар мутолааси билан машғул бўлиб, ўз маънавий онгларини шакллантириб борсалар, иншааллоҳ манфур кимсаларнинг ёт ва бузғунчи ғоялари домига тушиб қолмайдилар. Бинобарин илмли, маънавияти соғлом кишидан сира бузғунчилик чиқмайди. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин!
Яҳё АБДУЖАББОРОВ
Ховос тумани “Саъду Саид”
жоме масжиди имом-хатиби.