Ҳар замонда бузуқликни, фаҳшни, беҳаёликни ҳар хил номлар, ялтироқ шиорлар билан оқлашга интиладиган, тарғиб қиладиган ахлоқсиз тоифалар чиқиб турган. Шулардан ҳозирда маънавиятимизга хавф солиб келаётган “оммавий маданият” ана ўша таҳдидлардан биридир. Бизга четдан кириб келаётган миллий ва диний қадриятларимизга ёт маънавий ва ахлоқий иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндисидир. Айни пайтда четдан кириб келаётган оммавий маданиятнинг турли кўринишлари мамлакатимиз ёшлари орасида илдиз отиб, уларнинг маънавиятига, тафаккурига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ёшларни ўзига қаратиб, уларни миллий ва диний қадриятларимизни менсимасликка ундаб, ҳаётда уларни енгил яшаш, масъулиятсиз руҳда вояга етишларига сабабчи бўлмокда.
Ҳар биримиз фарзандимизни гўдаклигиданоқ турли хавф-хатардан асраб-авайлаб ўстирамиз. Аммо бола улғая борган сари, унга эътиборимиз бироз камаяди. Энди катта бўлиб қолди, ўзи мустақил қарор қабул қилишга ўргансин, деб ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз ҳам рост. Бу гўё зулмат ичида таваккал қадам босишдек гап. Бундай ҳолатда ёшларимизнинг онги ва маънавиятига турли салбий кучлар таъсир қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ёшларимизни бу офатдан сақлашнинг йўли, албатта уларни гўзал одоб ахлоқли қилиб тарбиялаш, уларнинг онгини миллий ва диний қадриятларимиз ила бойитиш ва илму маърифатга чорлашдир.
Зеро Юртбошимиз ёшларни китоб ўқишга, китобхонликка бежиз даъват қилмаяпти. Ҳақиқатан ҳам, улар қанчалик кўп ўқиса, маънавияти юксалади. Дунёда кечаётган жараёнларни мустақил таҳлил қилади. Ҳар қандай ҳолатнинг ижобий ва салбий томонини англаб етади.
Қолаверса, ота-она фарзандига яхши тарбиядан ортиқ мерос қолдиролмаслигини Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) алоҳида таъкидлаганлар.
Ёшларни бундай салбий иллатлар таъсиридан сақлаш, миллий, маънавий онги ва маданиятини юксалтириш бугунги кунда ҳар биримизни устивор вазифаларимиздан биридир.
Неъматуллоҳ ҲАБИБУЛЛАЕВ
Боёвут тумани “Қул ҳожа Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби.